Ўзбекистонда автомототранспорт воситасини нотариал идорага бормасдан сотиш имконияти яратилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, сотувчи “E-notarius” ахборот порталида “Нотариал ҳаракатни расмийлаштириш”ни танлайди, ўзининг шахсига оид маълумотларни киритади ва нотариал ҳаракатни яратади. Сотувчи сотилаётган автомототранспорт воситасини танлайди ва нархини киритади. Шунингдек,
сотувчи сотиб олувчининг ЖШШИРни, шахсини тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақамини ва телефон рақамини киритади;
сотиб олувчининг телефонига SMS-хабарнома юборилади. Сотиб олувчи ҳаволага кириб, Face-ID орқали верификациядан ўтади ва розилигини тасдиқлайди;
автоматик тарзда ёки ихтиёрий нотариус танланади;
нотариус нотариал ҳаракатни расмийлаштиришга қабул қилиб, вақтни белгилайди ва тарафларнинг мобил телефонига SMS-хабарнома юборилади;
белгиланган вақтда нотариус тарафлар иштирокида видеоконференсалоқа орқали нотариал ҳаракатни расмийлаштиради;
битимнинг асл нусхалари тарафларга курьерлик (почта) хизмати орқали юборилади.