Ўлчами мос келмаган қишки кийим мос ўлчамдагисига алмаштирилди

Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг «Усмонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Х.Қ.нинг ўзи учун харид қилган қишки кийим (куртка)ни ўлчами бироз келмагани, сотувчидан уни мос ўлчамдагисига алмаштириб ололмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Мурожаатнинг сўзларига кўра, у туман марказидаги кийим-кечак дўконидан 350 000 сўмга ўзи учун эркаклар қишки кийими (курткаси) харид қилади. Хонадонига олиб бориб бошқатдан кийиб кўриш жараёнида кийимнинг ўлчами унга бироз мос эмаслиги маълум бўлади. Сотувчига курткани мос ўлчамдагисига алмаштириб олиш бўйича қилган мурожаатига эса рад жавоби олади.

Ушбу ҳолатда истеъмолчи «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига асосан, мазкур мақбул сифатли товарни сотиб олинган жойдаги сотувчидан айни шундай товарга алмаштириб олишга ҳақли. Бунда истеъмолчи товардан фойдаланмаган, унга шикаст етказмаган бўлиши, қадоғи ва унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ҳолда қайтарилишига эътиборли бўлиши керак бўлади. Ушбу шартлар бажарилган бўлса, истеъмолчининг товарни алмаштириш ёхуд қайтариб олиш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиши лозимдир.

Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилди ва бунинг натижасида истеъмолчининг қўлидаги курткани бошқа мақбул сифатдаги ва мос ўлчамдагисига алмаштириб берилишига эришилди.

Дилобар Дадахонова, туман жамияти бош мутахассиси.