Хотин-қизлар меҳнат муҳожирлиги сўнгги йилларда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Самарқандлик муҳожир аёллар орасида Исроил давлатида ишлашни истовчилар кўпчиликни ташкил этади. Ушбу танлов Исроилда Россия ва Туркия давлатларига нисбатан меҳнатга ҳақ тўлашнинг юқори кўрсаткичлари ва албатта меҳнат шароити билан боғлиқ.
Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, айни пайтда бу давлатда ишлаш ҳуқуқига эга бўлган 10 мингга яқин ватандошимиз бўлиб, уларнинг қарийб 85 фоизини аёллар, асосан, самарқандликлар ташкил этади.
Юртдошларимизнинг деярли барчаси кексалар ва беморларни парвариш қилиш билан шуғулланишади.
Мана бу аёл хикояси сизни бефарқ қолдирмайди.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан тақдим этилган расмий статистик маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятнинг 210 минг нафардан ортиқ фуқароси хорижда меҳнат фаолияти билан банд. Уларнинг 30 фоизини аёллар ташкил этади. Туманлар бўйича энг кўп меҳнат муҳожирлари Самарқанд шаҳри ва қўшни Паст Дарғом туманига тўғри келади. Ургут тумани рўйхатда учинчи кўрсаткични қайд этган. Ана шундай аёллардан бири 35 ёшли Мавлуда ўтган йили фарзандларини ўқитишни, тўнғич ўғлини уйлантириш орзусида Исроилда ишлашга қарор қилди. У муқаддам ҳеч қаерда ишламаган бўлиб, фақат уй, рўзғор ва болалар тарбияси билан машғул бўлган.
— Онамга қолдирган уч фарзандим бор, — деди Мавлуда суҳбат аввалида. – Эрим ҳам Россияда ишлайди. Уларнинг ишлаб топган пуллари фақат рўзғор эҳтиёжларига етади, холос. Ваҳоланки биз уй-жой қуришимиз керак. Қайнонамникида яшаймиз. Бу кичик ҳовлида биздан ташқари яна бир оила яшайди. Қолаверса, катта ўғлимиз яқинда мактабни битиради ва унинг ўқиши, кейинчалик эса унинг тўйига пул керак бўлади.
Болалар улғайишгани сари, уларнинг ташвишлари ҳам каттариб боради… Самарқандда ишлаб юрганимда пул орттиролмай, ишлаш учун хорижга кетишга қарор қилдим. Фарзандларини қариндошларига қолдириб, меҳнат қилиш учун кўчиб кетишга мажбур бўлган аёлларнинг шунга ўхшаш ҳикоялари кўп. Уларнинг аксарияти эса оиланинг ягона боқувчиси.
Исроилга бориш қанча туради?
Бу саволга жавоб олиш осон эмас. Чунки аёллар бу борада индамасликни маъқул кўришади. Фақат маълум тўлов эвазига виза ҳужжатларини тайёрлаш масъулиятини ўз зиммасига оладиган “ишбилармонлар” борлиги аён. Айтилишича, «Жўнатиш» ҳаққи 18 минг АҚШ доллари атрофида бўлади. Шунингдек бу тўловни «бўлиб-бўлиб тўлаш» шартлари ҳам мавжуд. Бу тўлов усули биратўла амалга оширилган тўловдан анча қиммат турса ҳам катта миқдордаги пулни дарҳол тўлай олмайдиганлар учун қулай имконият.
Тўловдан ташқари ҳужжатларни тайёрлашни бошлашдан олдин аёллар биринчи ёрдам курсларини ўтаб, яҳудий тилини ўрганишлари ҳам талаб этилади. Самарқандда бу тилни ўргатувчи марказлар борки, уларда ўргатиш якунида сертификат ҳам берилади. Курслар уч ой давом этади, бу вақт ичида аёл сўзлашувни ўрганиши ва қарияларни парваришлаш бўйича билимларга эга бўлиши керак. Ушбу кўникмаларнинг барчаси суҳбатдан ўтиш учун керак бўлади.
Қаҳрамонимиз айтишича, кейинги босқич, яъни суҳбат Zoom орқали бўлиб ўтган.
Яъни, ўртада турган «ишбилармон» мижоз ва бўлажак иш берувчи учрашувини ташкил қилган. Шу суҳбат асносида хорижий оила аёлни ҳамшира сифатида ишга таклиф қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Албатта, «ўртадаги ишбилармонлар»га ишониш ҳар бир одамнинг шахсий танлови, лекин алданиб қолиш хавфи мавжуд эканлиги кундай аён. Оқдарё тумани ИИБ катта терговчиси, капитан Азиз Эшмуродовнинг айтишича, тергов бўлимида тез-тез маҳаллий аҳолини хорижга жўнатиш билан боғлиқ ишларни ўрганишга тўғри келиб туради. «Яқинда 60 ёшли товламачи ишини тергов қила бошладим. У тўққиз нафар аёлни Исроилда ишлашга юборишни ваъда қилиб, чув туширган», – дейди у. – Аёлларнинг ҳар бири ҳужжатлар ва виза учун пул тўлаган, аммо ишга жўнаб кетиш ортга сурилаверган. Ушбу иш бўйича жами келтирилган зарар 225 миллион сўмни ташкил этди.
Шу каби шикоятларда “воситачилар” кейинчалик мижозларни хорижга ишга юборишга муваффақ бўлган ёки уларга тўлов пуллари қайтарилганидан сўнг аризачилар шикоятларини қайтариб олиш ҳолатлари ҳам бор.
Шартнома фақат қоғозда
Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон ҳамда Исроил давлатлари ҳукумати томонидан мамлакатда ўзбек меҳнат муҳожирларини меҳнат бозорининг айрим соҳаларида вақтинчалик иш билан таъминланиши юзасидан келишувга эришилган эди.
Шундай бўлишига қарамай бугунги кунга қадар бу давлатда ўзбек муҳожирлари ишини қонунийлаштириш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган. Яъни, кексаларни парваришлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш соҳасига ўзбек муҳожирларини жалб этиш бўйича келишув қоғозда қолиб келмоқда, амалда эса бу борада бирор иш амалга оширилмаган. Агентликлар эса юқоридан бу ҳақда кўрсатма бўлмагунча ҳеч нарса қилишга ҳақли эмас.
Агентлик вакиллари ҳам бунинг сабабини билишмайди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Суннатилло Абдусаидовга кўра, шаҳарда хорижда ишга жойлашиш ва қонуний ишлаш учун кетишни таклиф қилувчи бир қанча идоралар мавжуд бўлишига қарамай, уларнинг бирортаси лицензия ололмагани натижасида фуқароларни хорижга ишга юбориш ҳуқуқига эга эмас.
Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги хорижда қонуний ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи ягона орган ҳисобланади.
Меҳнат миграцияси – ўзини оқлайдими?
Юқорида айтилганларга асосланиб, хорижга ишлаш учун кетиш истагидаги аёллар қонуний ишга жойлашиш йўли йўқлиги сабабли фирибгарлик қурбони бўлиш хавфига юзма-юз боришга мажбур бўлишади деган хулосага келишимиз мумкин.
Меҳнат шароити ва маошига келсак, юқорида тилга олинган суҳбатдошимиз Мавлуда даромадидан мамнун ва ҳозирча юртга қайтиш нияти йўқ.
– Мен Исроилда бор-йўғи ярим йилдан буён ишлаяпман”, — дея суҳбатни давом эттиради Мавлуда. “Бу ерга келиш харажатлари учун кредит олганман, энди уни тўлашим керак. Қарзларни қоплаш учун бир йилдан сал кўпроқ вақт кетади, шундан кейингина фарзандларимнинг келажаги учун йиға бошлайман. Бу ерда икки минг АҚШ долларидан сал кўпроқ пул топаман, Самарқандда бунча пулни топа олмасдим.
Мен исроиллик оилаларда ўзим каби ҳамширалик, боғча тарбиячиси, уй бекаси, фаррошлик ва ошпазлик билан шуғулланаётган аёлларни учратдим.
Ўз юртимда бўлмаганимга қарамай, ўзимда ноқулайлик ёки бегона муҳит шароитини ҳис қилмайман.
Бир марта касал бўлиб қолдим ва мен хизмат қилаётган аёл мени касалхонага олиб борди, у ерда тўлов эвазига бўлса ҳам менга ёрдам кўрсатишди, дори-дармон ёзиб беришди. Мусофир одам учун шунинг ўзи ҳам катта ёрдам. Албатта, бегона юртда қийинчиликлар бўлади. Энг ачинарлиси, мен уйдан узоқдаман, фарзандларимни бағримга босиб, уларга оналик меҳримни беролмайман. Албатта, ҳеч қандай пул оилага, болаларга бўлган муҳаббат ўрнини боса олмайди, лекин ҳаёт кечириш ҳам енгил иш эмас. Эҳтиёж бизни оиламиздан, уйимиздан узоқда ишлашга мажбур қилади. Шунга қарамай, уй-жой олиш ва фарзандларимнинг ўқиши учун пул йиғмагунимча ватанимга қайтиш ниятим йўқ.
Давлатимиз томонидан оналар хорижга иш излаб кетишларини олдини олиш учун нималар қилинмоқда?
Оила ва хотин-қизлар масалалари бўлими ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар меҳнат миграциясини имкон қадар камайтириш вазифалари юкланган. Аммо бу осон иш эмас, албатта. Калаванинг учи эса топиладиганга ўхшамайди. Барчага маълумки, оила ўз фарзандларини қўллаб-қувватлаши, оналар уларнинг ёнида бўлиши, уларнинг тарбияси билан шуғулланиши керак. Чунки ота-онасидан узоқда улғайган болаларда руҳий муаммолар ўсиб боради. Бўлим ходимлари уйга қайтган мигрантлар оилалари билан танишиш жараёнида уларнинг бир қисми иш билан таъминлангани, бироқ кўпчилиги ишлаш учун яна юртни тарк этаётганларига гувоҳ бўлади.
Балки маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаётган мутахассислар оналарнинг ишга кетиш сабабларини чуқурроқ ўрганишлари, фарзандларини ташлаб, ишга кетаётган ёлғиз оналарни ўқитиш, уларни шу ернинг ўзида иш билан таъминлаш, янада кўпроқ ижтимоий ҳимоя қилишлари керакдир. Муҳожир аёллар билан ишлаш тизимини чуқурроқ ўрганиш, бу тизимда олиб борилаётган ишлар самарасини ошириш зарурияти юзага чиқмоқда. Чунки бу тизим самарали ишламаяпти, деб айтиш учун сабаблар бисёр.
Оналар Ўзбекистон келажаги бўлган авлодни вояга етказишмоқда, ҳеч қандай эҳтиёж уларни ўз фарзандларини кексаларга ташлаб, хорижда оғир меҳнат қилишга мажбурламаслиги керак.