2019 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан президент топшириқларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган Jamoatfikri.uz порталини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Президентнинг 5 октябрдаги давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган ресурс Ягона интерактив давлат хизматлари портали доирасида фаолият кўрсатади.
Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси синов режимида 2800 дан ортиқ ҳужжат ва президент топшириқларини Ijro.gov.uz (давлат раҳбари топшириғи билан 2017 йилда ташкил этилган) тизими орқали назорат қилиб бормоқда. Қарорда қайд этилишича, айрим давлат органлари ижро интизомини сифатли ва амалда таъминламаяпти, унинг устидан ўз вақтида назорат ўрната олгани йўқ. Президент топшириқларини бажаришда масъулиятсизлик ва расмиятчиликларга йўл қўймоқда.
Ҳужжатлар ижроси ва президент топшириқлари ўз вақтида бажарилмаса, вазирлик ва маҳкамалар, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари жавобгарликка тортилади.
Ҳужжат билан 1 янардан республика ва ҳудудий аҳамиятга молик мажлис ва йиғилишларни ўтказиш тақиқланди. Фақатгина президент ўтказадиган мажлислар Ijro.gov.uz тизимида рўйхатга олиниб, ўтказиш мақсади, натижаси, иштирокчилар таркиби ва давомийлиги кўрсатилган ҳолда олиб борилади.
Худди шу санадан бошлаб давлат органларида қонунлар, президент ҳужжатлари ва ҳукумат қарорларини махсус журналлар ҳамда ҳисобга олиш карточкаларига рўйхатга олиш, шунингдек қонунлар, президент ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари назорат картотекасини қоғоз кўринишида юритиш тақиқланди.