Президентнинг “Савдони янада либераллаштириш ва товар бозорларида рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Ҳужжат билан 2019 йил 1 январдан:
улгуржи савдони амалга ошириш учун лицензиялар борлиги ҳақидаги талаб ва улгуржи савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартиби;
акцизли товарларнинг айрим турлари ишлаб чиқарилиши ва реализация қилинишнинг амалдаги тартиби (автомобиллар, ўсимлик мойи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳамда бошқалар);
жойга чиқиб савдо қилиш учун рухсатнома ҳужжатини бериш бўйича талаблар;
тадбиркорлик субъектлари контрагентлари билан муносабатларда келиб чиқадиган, муддати бўлган дебиторлик қарздорлиги учун санкциялар;
тадбиркорлик субъектларида келишувлар бўйича ички бозорда 15%лик олдиндан тўлов талаби;
томонлар ўртасида тузилган шартнома асосида тўлов шартларини ҳисобга олган ҳолда янги мева-сабзавот маҳсулоти экспортида 100 фоиз миқдорида олдиндан тўлов ҳақидаги талаб;
айрим турдаги товарларни экспорт қилиш бўйича чекловлар;
истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясини шартномада кўрсатилганидан кўпроқ истеъмол қилингани учун жарима санкциялари;
юқори ликвидли товарлар, хомашё ва материалларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини шакллантириш ва уни Рақобат қўмитаси билан келишиш амалдаги тартиби ва бошқаларни бекор қилиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, 2018 йил 1 октябрдан импорт бўйича олиб кирилган юқори ликвидли маҳсулот турлари, эгалари ўз хоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотилиши мумкин.
Жорий йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон Республикасидан жисмоний шахслар учун 5 минг АҚШ долларига тенг бўлган рухсат этилган валюта миқдори доирасида товарларни олиб чиқишга рухсат берилиши мумкин.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.