Орзигул (исми ўзгартирилган) қарийб 2 йилдан буён тиббиёт муассасаларига ишга кириш учун ҳаракат қилар ва ҳужжатларини топширишга тайёрлар эди. Омади чопмай турган пайтда, ўзининг таниши, асли касби ўқитувчи бўлган Замира (исми ўзгартирилган) билан учрашиб қолгач, унга мақсадини айтади. Замира эса асли касби ўқитувчи бўлсада, тиббиёт соҳасида ишловчи юқори мансабдаги танишлари орқали Наманган шаҳридаги “Ковид маркази”га ишга жойлаб қўйишни ваъда қилади.
Мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди, деганларидек, бу «холис хизмат”нинг нархи 700 АҚШ доллари бўлишини таъкидлар экан, Орзигулга пулларни ярмини олдиндан олиб келишини тайинлади. Улар Уйчи туман марказидаги супермаркетда учрашишга келишиб олдилар.
Ҳаёллар оғушига ғарқ бўлган Орзигул ўзининг оилавий шароити оғирлиги, аслида моддий аҳволини яхшилаш учун ишга жойлашмоқчи эканлигини кўз олдига келтириб, жамиятда Замира каби шахсларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига чек қўйишга аҳд қилди.
Шу сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди.
Келишувга кўра, туман марказидаги “Макро” супермаркетида Орзигулдан 200 АҚШ доллари ва 2.140.000 сўмни олган Замира жуфтакни ростлаб қолишга уринган бўлсада, тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади.
Юқоридаги жиноий ҳаракатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди томонидан кўриб чиқилиб, суднинг ҳукмига кўра, Замирага нисбатан қонуний жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида, албатта, ҳар бир шахс ўз келажагини коррупциядан ҳимоя қилиши, Орзигул каби жамиятнинг виждонли аъзоси бўлиб, ҳаётимиздаги муаммоларни “холис хизмат”лари орқали ҳал қилувчи шахсларни коррупциявий ҳаракатларига чек қўйиши зарур.
Сардорбек АБДУСАТТОРОВ, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Учқўрғон туман судининг раиси