Чоршанба куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони яна камайиб, 692 нафарни (олдинги кун — 778 нафар) ташкил этди. Шунингдек, кеча 114 нафар (133 нафар) кишида пневмония аниқланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги марта 700 тадан кам ҳолат 11 январь куни қайд этилганди — ўшанда 604 киши коронавирус инфекциясини юқтириб олганди, қолавеса, 4 киши вафот этганди.
Кунлик ҳолатнинг ярмидан сал камроғи — 339 таси Тошкент шаҳрида ковидга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. Тошкент вилоятида — 135 та, Самарқандда — 40 та, Хоразмда — 27 та ҳолат рўйхатга олинган.
️Ҳозирда вирус аниқланган беморларнинг умумий сони 231871 нафарга етди. Шунингдек, 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1595 нафарни ташкил қилмоқда.