7 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чоралари ҳақида»ги қарорни имзолади. Қарорга кўра 2022 йил 1 январдан бошлаб агентлик қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади:
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни олиш;
тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиш;
резонанс ва муҳокамаларга сабаб бўлган коррупцияга оид фактлар бўйича ишни кўриб чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда матбуот анжуманлари ўтказиш.
Агентликка давлат органлари фаолияти очиқлиги соҳасида юклатилган қўшимча вазифаларни молиялаштиришга кўмаклашувчи Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. У юридик шахс мақомига эга бўлмайди.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш учун туну кун фаолият юритадиган «Call-марказ» ишга туширилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда коррупциявий жиноятлар борасида жамоатчиликни хабардор қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага бўлган ҳиссий муносабати, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар акс этган хабарлар бўйича — ўн кун муддатда;
бошқа коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида — ҳамкор органлар билан келишувга кўра ҳар чорак ёки ярим йиллик якунлари бўйича;
коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, тенденциялари, содир бўлиш сабаб ва шарт-шароитлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида — йил якуни бўйича.
Ҳужжат билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Унга кўра агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ўрганиш асосида, шунингдек, ўз ташаббуси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этишга ҳақли этиб белгиланди.