Ўзбекистонда ўтган йилнинг сентябрида карантин шароитида мамлакатда чет эл фуқароларининг бўлиб туришига нисбатан ўрнатилган вақтинчалик тартиб 10 сентябрдан бекор қилинади. Ўзбекистон ҳукумати 30 август куни бу ҳақдаги қарорни қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, пандемия муносабати билан карантин жорий этилган ҳудудда вақтинча бўлиш муддати тугаган хорижий фуқароларга, шунингдек, уларни қабул қилган уй-жой эгалари ва мансабдор шахсларга нисбатан карантин муддати тугагунга қадар ҳудудда бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий чоралар қўлланилмайди.
Карантин муддати тугаганидан сўнг Ўзбекистонга маълум муддатга визасиз, электрон ва туристик виза билан келган хорижий фуқаролар 30 сутка ичида «чиқиш» (EXIT) визасини расмийлаштирмасдан республика ҳудудидан чиқиб кетишлари лозим.
Ўзбекистон билан визасиз режим жорий этилган хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда виза асосида яшаётган хорижий фуқаролар карантин муддати тугагач, белгиланган тартибда уч иш куни ичида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли ҳудудда вақтинчалик бўлиш муддатини узайтириш масаласида уларни таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар орқали мурожаат қилишлари мумкин.
«2021 йилнинг 10 сентябрига қадар республикамизда бўлиб турган чет эл фуқаролари, уларни таклиф қилган жисмоний ва юридик шахслардан Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига амал қилишларини, вақтинча рўйхат муддатларини узайтиришларини, бўлиш муддати тугаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан ўз вақтида республика ҳудудидан чиқиб кетишларини сўраймиз», — дея маълум қилди Тошкент ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Санжар Қосимов.
У бўлиш қоидалари қабул қилиш тартибларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтди.