Ижтимоий тармоқларда олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Й. Абсоатов номидан пойтахтдаги ОТМ ректорларига хорижлик меҳмонларни кутиб олиш ва кузатишда гулдаста тақдим этишлари учун талаба қизлар рўйхатини 5 февралгача тақдим қилишларини сўраб йўллаган хати намунаси тарқалди. Ушбу ҳолат жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Вазир Абдуқодир Тошқулов бу борада ўз муносабатини билдирди.
“Ўринбосаримиз ҳам катта хатога йўл қўйган. Энг ёмон кўрганим шу, хориждаги меҳмонларни кутиб олиш (фон) учун нега менинг гул қизларим гул кўтариб чиқиши керак? У ерга ҳам ўз фарзандингизни қўйиб кўринг. Бу бўйича алоҳида буйруқ қиламиз. Буни мажбурий меҳнатга тенглаштирамиз. Бу – мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши. Яъни у қизлар хоҳлаб бораётгани йўқ. Совуқда, дарсдан чиқиб, тўгаракка бориш керак бўлган вақт ёки дам олиш вақти адрас кўйлакни кийиб гул кўтариб бориш қайси қизга ёқади? Бўлмаган нарса у. Таржимон бўлса тушунаман, туризмда ўқиса тушунаман”, – деган вазир ҳолатга ўз муносабатини билдириб.
Янги тайинланган вазир талабаларнинг ёнини олиб, “стадионни тўлдириш учун ҳам талаба, фон учун талаба, фестивал бўлса талаба. Ҳамма жой ҳуқуқий қолипга тушиши шарт. Талаба ўқиши керак. Керак бўлса, тўйиб ухлаши керак, талабанинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққимиз йўқ», – қўшимча қилган Абдуқодир Тошқулов.