Андижонда вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари 159,3 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилишди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, Андижон вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари «T.D.F» МЧЖ билан тузилган шартномага мувофиқ, 326,4 млн сўм бўлган «гипохлорид кальций 65%» дезинфекцияловчи воситасини 485,7 млн сўмга (ўртача бозор нархидан 159,3 млн сўмга қиммат) сотиб олган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан марказнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддалари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича айбдор деб топилган шахс жуда кўп миқдорда маблағ ўзлаштрилган ёки растрата йўли билан талон-торож қилган деб топилса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, 205-модда бўйича айбдор деб топилган шахс жуда кўп миқдорда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилган деб топилса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, шу каби ҳолатлар Навоий (қарийб 510 млн сўм ва 222,3 млн сўм), Наманган (248,9 млн сўм), Бухоро (202,5 млн сўм) ва Қашқадарё вилоятларининг СЭОМ мансабдор шахсларида ҳам кузатилган.