Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 19 нафар бемор соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганларнинг 9 нафари Туркиядан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 10 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.
Беморлардан 11 нафари Фарғонадан, 3 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Самарқанддан, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Беморларнинг 10 нафари эркак, 9 нафари аёл бўлиб, улар орасида уч ойлик чақалоқ ҳам бор. Энг ёши каттаси 61 ёшда.
Фарғона вилояти бўйича шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 30 нафарга етди.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 592 нафар бемор тўлиқ соғайган.