26 апрель куни Корея Республикасининг инсонпарварлик ёрдам юки Тошкентга етиб келди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.
Хабарга кўра, коронавирус инфекциясига қарши кураш, шунингдек, COVID-19нинг мамлакатда тарқалишининг олдини олишга қаратилган халқаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси Корея Республикасидан инсонпарварлик ёрдамини жалб қилди.
Умумий оғирлиги 34 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Жанубий Кореянинг «Evergreen Motors», «Hanshin E&C», «Shindong Resources», «BOMI E&C», «GM Korea», GM, «UNICO Logistics», «Chung Hospital», «Myung Sung Placon», «Suwan TPL», «Union Korea Pharm», «Century», «Infinity Co., Ltd.», «LH», «Hyundai Engineering» каби компаниялари ва Шинхан университети кўмагида шакллантирилди, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 250 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига «PCL Inc.» компаниясининг 20 минг дона ПЦР диагностика тест тизимлари харид қилингани маълум қилинди.
Умуммий қиймати 900 минг долларга яқин 6,2 тонна оғирликдаги юқори технологик тиббий ускуналар, автомат механизмли тиббий каравотлар ва ПЦР диагностика тест тизимлари «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг махсус самолётида Ўзбекистонга жўнатилган.
Юкнинг қолган 27,6 тоннадан ортиқ қисми навбатдаги юк чартер рейси билан Тошкентга етказилади.
Шунингдек, ушбу рейс билан Корё университети профессори Юн Синг Жу ҳам COVID-19га қарши курашда халқаро эксперт сифатида Тошкентга келади.