24 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1778 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Бош давлат санитария назоратчиси Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 321 киши даволанмоқда, улардан 76 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 95 бемор даволанмоқда, 30 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 75 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 151 бемордан 46 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.
Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 582 кишини ташкил этмоқда. Етти киши ҳаётдан кўз юмган.