Айни пайтда булоқбошилик деҳқонларнинг боши қотган. Сабаби, кеч кузда “йиғим-теримдан яхши даромад оламиз” дея не-не умидлар билан ерга уруғ эккан деҳқонлар фойда тугул, экин парвариши учун сарфлаган маблағига куйиб қоляпти. Ўтган йили ички бозорларда бошқа сабзавотлар қаторида, саримсоқпиёз ҳам анча харидоргир бўлиб турган бир пайтда Булоқбошида нега вазият шу даражага етди?
–8 гектар майдонда деҳқончилик қиламиз. Шундан 4 гектарига тўқсонбости усулида саримсоқпиёз эккан эдик, – дейди “Қозоқбой Учтепа” сабзавотчилик фермер хўжалиги раҳбари Алишер Қозоқов. – Ҳосил йиғиштириб олинган ҳозирги пайтда улгуржи харидорлар саримсоқпиёзнинг килограммини 800-1000 сўмдан сотиб олмоқда. Ахир бу – даромад тугул сарфлаган ҳаражатни ҳам қопламайдику. Сотмайлик, десак, бу ҳам зиён. Чунки экин экаётганимизда 10 миллион сўм атрофида ҳаражат қилганмиз. Ҳосилни йиғиштириб олгунга қадар эса 30 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфладик. Бу фақат харажатларнинг ўзи холос. Бундан ташқари, унинг меҳнати-чи?! Суғориш майлику-я, аммо бегона ўтдан тозалаш азоб. Тўғриси, саримсоқпиёз экишдан кўнглимиз совиб кетди. Биргина мени эмас, бошқа фермерларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди.
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, бугун у ташкилотдан, бу ташкилотга маҳсулотини сотиш учун кўмак сўраб юрган фермерларнинг муаммосига нега ҳамма бефарқ? Ёки туман мутасаддилари ва экспорт бўйича масъул бўлган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ҳамда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти бундан бехабарми? Қолаверса, Президентимизнинг тегишли қарори билан ушбу масалада бир қатор ташкилотларга фермер ва деҳқонларга бу масалада ёрдам кўрсатиш борасида аниқ вазифа юклатилган эди. Қани улар? Нимага фермер ва деҳқонларни ўз муаммоси билан яккама-якка ташлаб қўйишди? Давлатимиз раҳбари томонидан томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сақлаш, экспорт қилиш бўйича қулай тизим яратиш, деҳқонларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича мутасаддилар олдига қўйган талаб Булоқбоши туманига тааллуқли эмасми? Хуллас, саволлар жуда кўп. Аммо унга аниқ жавоб олиш мушкул.
Дарвоқе, бугун бу муаммо фақат Алишер акани қийнаётгани йўқ. Аксинча ҳудуддаги Учтепа, Тинчлик ва Зарғалдоқ маҳаллаларида яшовчи 10 минг тоннагача саримсоқпиёз етиштириб қўйган деҳқонларни ҳам қийнаяпти. Лекин ҳали-ҳамон негадир мутасаддилар жим. Ваҳоланки бугун туман аҳолисининг кўпчилиги деҳқончилик ортидан кун кечиради, рўзғор тебратади, боласини ўқитади.
–Аҳолимиз асосан деҳқончилик билан тирикчилик қилади, – дейди “Тинчлик” МФЙ раиси Абдумўмин Исматов. – Етиштирган ҳосил сотилса фуқароларимизнинг оилавий даромади кўпайиб, турмуш шароити янада яхшиланади. Биз ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида бир неча маротаба туман ҳокимлигига мурожаат қилдик, ҳатто бунга масъуллар билан суҳбатлашдик. Лекин ҳозирга қадар натижадан дарак йўқ.
Бугун Президентимиз ҳар чиқишларида “Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган фикрни бот-бот такрорлаяпти. Бу ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки давлат раҳбари бу билан анчадан буён ухлаб ётган раҳбарлар уйғонсин, одамларнинг катта-кичик муаммоларни ҳал этсин дея таъкидлаяпти. Лекин минг афсуски, булоқбошилик фермерларнинг арзи, мурожаатига ҳеч ким қулоқ тутаётгани йўқ.
Ушбу муаммоли масалаларга тегишли мутасадди ташкилотлар хусусан, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ҳамда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятларидан жавоб кутамиз!
Аниқроғи сизга ишониб бугун шу аҳволга тушган деҳқонлар жавоб кутиб қолади.
Бу каби муаммолар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам мавжуд. Бу ҳақда сизларни хабардор қилиб борамиз.
O‘zLiDeP Булоқбоши
туман Кенгаши, Андижон вилояти.