Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ёшлар туризмини қўллаб-қувватлайди, бироқ туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан эмас. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабарида сўз боради.
Барча таълим муассасалари учун беш кунлик ўқув ҳафтасини жорий этиш ҳамда қишги таътил давомийлигини узайтириш таклифи Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан илгари сурилган эди. Қўмита томонидан тақдим этилган ҳужжат лойиҳасида бу ўқувчилар, талабалар ва уларнинг ота оналарига мамлакат бўйлаб кўпроқ саёҳат қилиш имконини беради, дейилади.
ХТВ таклифлар вазирлик билан келишилмаганлиги ҳамда уларни фақат чуқур таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилиш кераклигини билдирди.
Биринчидан, ҳозирги кунда кўпчилик мактабларда таълим икки ёки ундан ортиқ сменадаолиб борилмоқда. Мактабларда беш кунлик ўқиш тизимини жорий этилиши эса бундай ўқув муассасалар сонини кескин оширади. Яъни ўқувчи ўрни ва биноларга қўшимча талаб кескин ортади. Бу ҳолатда Туризм қўмитаси томонидан Инвестиция дастурига мактаблар учун қўшимча маблағ ажратиладими?
Иккинчидан, айни пайтда аксарият ота-оналарнинг меҳнат фаолияти ҳафтада олти кунни ташкил этади. Бундай оилаларда шанба куни болалар хавфсизлигини ким таъминлайди, деган савол келиб чиқади. Бу ҳолат ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ўсишига сабаб бўлмайдими?
Учинчидан, ёшларнинг ҳатто ўзи яшаётган ҳудудидаги туризм объектларига сайёҳати ҳам маблағ талаб қилади. Бу маблағлар кимнинг ҳисобига қопланади? Ота-оналарними? Яна бунга ўқитувчи масъул бўладими? Ўқувчилар хавфсизлигини ким таъминлайди? Болалар автобусда олиб борилса, уларнинг хавфсизлиги ички ишлар томонидан таъминланиши керак бўлса, ушбу харажатлар қандай қопланади?
Тўртинчидан, ёзги таътилни қишки таътил ҳисобига қисқартириш таклифи берилган. Бизда таътиллар мамлакат иқлимидан келиб чиқиб белгиланган. Ёзнинг иссиқ ҳавосида 30−35 киши бир хонада 45 дақиқа ўтира оладими? Хоналарда совутиш тизими кимнинг ҳисобига ўрнатилади? Электр таъминотига бўлган талаб кескин ортиши туфайли мактаб электр тизимидаги ўзгартиришлар ҳамда электр истеъмоли учун харажатларни ошиши қайси маблағ ҳисобидан қопланади? Ўқувчилар бундай шароитда дарсни яхши ўзлаштира оладими?
Бешинчидан, ёз даврида асосан давлат инвестиция, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида мактаблар реконструкция қилинади ёки таъмирланади. Ҳозирда пудратчилар мазкур ишларни якунлашга ўқув йили бошланишига қадар зўрға улгуряпти. Ёзги таътил қисқарса, дарс ва қурилиш-таъмирлаш жараёнлари бир вақтда олиб бориладими?
Олтинчидан, ўқув йили давомида ҳар чоракда ўқувчилар ўртасида фан олимпиадалари ташкил этилади. Бунга сабаб ўқувчиларнинг дарс жараёнига халақит бермасликдир. Янги таклиф болаларга ортиқча босим ўтказмайдими?
Еттинчидан, қишки туризм учун инфратузилма мавжудми? Транспорт тизими узлуксиз ишлашга тайёрми?
ХТВ ҳар бир таклиф таҳлилларга асосланган бўлиши кераклигини таъкидлади. Қарор лойиҳаси тайёрланиш жараёнида шундай таҳлил қилинганми? Яъни таълим беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишки таътил даврини узайтириш ички туризмини ривожлантиришга қандай туртки беради? Ушбу топиладиган даромадлар юқорида кўрсатилган харажатларни қоплай оладими? Исталган янгилик киритилишидан аввал ундан бўладиган ижобий ва салбий таъсирлар тўлиқ таҳлил этилиши (Cost-benefit analysis) ҳамда ижобий таъсирлар кўпроқ бўлгандагина ушбу янгиликни қабул қилиш мумкин.
Аниқ ҳисоб-китоблар ва таҳлиллар амалга оширилган бўлса, қарорни келишишдан аввал уларни тақдим этиш тўғри бўлади, деб ҳисоблайди Халқ таълими вазирлиги.