Қонунчилик палатаси депутатлари 2019 йил 21 ноябрь куни суд мажлисларини намойиш этиш тўғрисидаги тузатишларни иккинчи ўқишда қабул қилдилар.
Суд мажлисларини радиода, телевидение, интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилишга рухсат этилади. Бу фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд мажлисларига тааллуқлидир. Бунда кўриб чиқилаётган ишлар бўйича тарафларнинг фикри инобатга олинади ва раислик этувчининг рухсатини олиш зарур бўлади (шунингдек унинг ташаббусига кўра).
Эслатиб ўтамиз, депутатлар аввалига ушбу қонун лойиҳасини рад этдилар, чунки ишлаб чиқувчи – Олий суд томонидан процесс иштирокчиларининг манфаатлари ҳисобга олинмаган эди. Дастлабки вариантда трансляция қилиниши тарафларнинг розилиги асосида эмас, балки фақатгина суднинг рухсати билан амалга оширилиши назарда тутилган эди. Парламент аъзолари бу миллий қонунчилигимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизга тўғри келмайди деб эътироф этдилар. Депутатларнинг позицияси – айбсизлик презумпцияси, жараённинг холислиги, унинг иштирокчилари шаъни ва қадр-қиммати ҳатто суд тизимининг транспарентлиги фойдасига бўлса ҳам бузилмаслиги лозим.
Олий суд қонун лойиҳаси биринчи ўқиш жараёнида қабул қилингунига қадар унинг матнига тузатишлар киритиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда зиддиятларни бартараф этгандан кейин депутатлар 6 ноябрь куни тузатишлар киритилган ҳужжатни маъқулладилар. Ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлашда ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.
Бундан ташқари тузатишлар қаторидан – жиноят процесси иштирокчиларига электрон мурожаатлар қилиш ва маъмурий ишларни электрон форматда шакллантириш ҳуқуқи берилиши ҳам ўрин олган.