Ўзбекистон Республикаси президенти “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги комиссия ташкил этилди.
Қуйидагилар Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш;
касбий сегрегация, иш ҳақи ўртасидаги фарқ, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаш ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда кенг қамровли тарғибот ишларини ташкил этиш.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан биргаликда икки ой муддатда:
а) қуйидагиларни назарда тутувчи “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади:
гендер тенглик тушунчаси ва турлари;
ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари;
давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар;
гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек бундай бузилишга олиб келадиган қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;
б) қуйидагиларни назарда тутувчи “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади:
маиший, иш жойидаги ва таълим муассасаларидаги тазйиқ ва зўравонликлар турлари;
ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари;
тазйиқ ва зўравонликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик;
судгача ва суд жараёнида тазйиқ ва камситишларга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган процессуал кафолатлар.