Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ялпи паспортлаштириш жараёни бошланди

Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини профилактика қилиш мақсадида, ялпи паспортлаштириш (Кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш) тадбирлари бошланган.

Ушбу тадбирлар хўжалик субъектларини текшириш билан умуман боғлиқ бўлмасдан, асосий мақсад тадбиркорларга солиқ қонунчилигига риоя этишлари учун кўмак ва маслаҳат беришдан иборат.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳеч қандай маъмурий ва молиявий жарималар қўлланилмайди ва мавжуд тушунмовчиликлар ҳамда камчиликлар ҳамкорликда бартараф этилади.

Мазкур тадбирларга 2 558 нафар давлат солиқ хизмати органи ходимлари жалб этилиб, дастлабки икки куни давомида 19 032 та объектлар кўздан кечирилган.

Натижада:

5 651 нафар меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётган фуқароларга ижтимоий ҳимояланишлари учун иш берувчилар билан муносабатларини қонуний расмийлаштиришлари;

2 254 нафар жисмоний шахсларга давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик билан шуғулланишлари;

3 968 та объект эгаларига ижара шартномаларини давлат солиқ инспекцияларида рўйхатга қўйишлари ва 875 та мол-мулк объекти ва ер майдони эгаларига мулкини кадастр идораларида рўйхатдан ўтказишлари тўғрисида профилактик суҳбат ваогоҳлантиришлар берилган.