2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
«Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак». Президент Шавкат Мирзиёевнинг эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзагига айланди. Халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлидаги залворли ишлар айнан ана шундай эзгу ва ҳаётбахш ғоялар асосида олиб борилиб, тобора янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Бундай тарихий ўзгаришлар силсиласида халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш бўйича тамомила янги тизимга асос солингани, халқаро миқёсда ноёб тузилма сифатида кенг эътироф этилаётган Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари институти яратилгани, шубҳасиз, марказий ўринлардан бирини эгаллайди.
Халқ қабулхоналари халқимизнинг неча йиллик орзу-армонларини ушалтириш мақсадида ташкил этилгани боис, эл-юртимиз ҳаётидан, мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнидан тез фурсатда ўзининг муносиб ўрнини топиб, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзарани, асл ҳолат ва мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал қилиш йўлида янги ғоялар, амалий таклиф ва ташаббуслар юзага келадиган, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқиладиган марказларга айланиб бормоқда.
Ўтган даврда Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ёрдамида 2 миллион 500 мингдан зиёд киши ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим, ўйлантираётган саволларга жавоб топгани уларнинг халқимиз мушкулини осон, оғирини енгил қилиш, жамиятимизда адолат тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришда амалий аҳамияти нақадар юқори бўлаётганини яққол кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, мурожаатлар қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда самарали механизмга айланиб, амалда ўзини тўла оқлади. Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Замон билан ҳамқадам бўлиш, керак бўлса, ундан бир қадам илгари одимлаш – бугунги кун талаби. Шу маънода, биз яшаётган ҳозирги шиддатли давр, олдимизга қўйган улкан мақсадлар барча соҳаларда бўлгани каби мазкур муҳим йўналишда ҳам ўтган қисқа даврда орттирилган ижобий тажрибаларни янада такомиллаштириш, уни мазмун жиҳатидан ривожлантиришни талаб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шу долзарб масалага алоҳида тўхталиб, Халқ қабулхоналари фаолиятида мутлақо янги тизимга – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилган эди. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, давлатимиз раҳбарининг давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар билан бевосита ишлашга ўтишини, уларнинг халққа, жумладан, тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлишини, Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган“Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Хўш, бу фармоннинг қабул қилиниши қандай сабаб-омиллар билан боғлиқ? Мазкур соҳадаги қандай муаммолар мазкур ҳужжатга асос бўлди? Ушбу йўналишдаги ўзгаришлар қайси жиҳатларда намоён бўлади?
Фармон муқаддимасида қайд этиб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига кейинги икки йилда 2,5 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушгани, Республика ишчи гуруҳлари томонидан уйма-уй юриш, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни ўрганиш натижасида яна 1,1 миллиондан ортиқ турли муаммолар аниқлангани жойларда ечимини кутаётган масалалар кўплигини, айримлари ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда бир қатор камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди.
Аввало, мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётганини таъкидлаш жоиз. Аниқланган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг ягона механизми мавжуд эмаслиги барча бўғиннинг яхлит организм каби ўзаро уйғун ишлашига имконият бермаяпти. Шу боис ҳам тегишли ижтимоий-иқтисодий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар, жойларда аниқланган бошқа муаммолар етарли даражада акс эттирилмаяпти. Боз устига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга, зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаришга етарли эътибор қаратмаяпти.
Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, Президент фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда, Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинмоқда.
Мазкур янги тизимнинг биринчи жиҳати – Халқ қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлайди ҳамда ҳал қилинишини таъминлайди. Яъни, энди Халқ қабулхоналари маълум муаммо юзасидан мурожаат келиб тушишини кутиб ўтирмайди.
Бунга сабаб бўлган асосий омил – мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермаётгани билан боғлиқ. Чунки барча давлат органлари каби Халқ қабулхоналари ҳам ўз фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш амалиётидан фойдаланиб келмоқда. Лекин мавжуд мурожаатлар таҳлили аҳоли, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларидаги муаммоларни тўлиқ қамраб олиш ва аниқлаш имконини бермаяпти. Қолаверса, одам ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаса, бу унда умуман муаммо йўқ, дегани эмас. Айниқса, сабр-қаноат ва шукроналикни ҳаёт мазмуни, орияту ғурурни улуғ қадрият даражасида эъзозлайдиган халқимиз ўртасида дарду ташвиши қийнаб турган бўлса-да, бу ҳақда маҳалла-кўй, мутасадди идора ва ташкилотларга мурожаат қилишни ўзига эп кўрмайдиган, истиҳола қиладиганлар кўп. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш соҳасида янги даврга қадам қўйилмоқда. Бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради. “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деганларидек, муаммо ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмасдан, халқ ичига, одамлар орасига чуқур кириб бориб, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш янги тизимдан кўзланган бош мақсад ҳисобланади. Бинобарин, бевосита мулоқот, юзма-юз учрашувларнинг таъсир кучи катта бўлиб, бундай суҳбатлар жараёнида қоғозларга сиғмай қолган тафсилотлар ойдинлашади, ортиқча оворагарчиликларсиз у ёки бу масалага дахлдор янги маълумотларни аниқлаштириб олиш имконияти катта бўлади.
Яна ҳам муҳим бир жиҳат борки, бу ҳақда алоҳида айтиб ўтиш айни муддаодир. У ҳам бўлса, бундай иш тизими наинки одамларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишда, балки уларнинг юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, давлатимиз ва жамиятимизни ҳар томонлама ривожлантиришга доир таклиф ва тавсияларини жамлашда ҳам таъсирчан воситага айланади.
Мазкур фармонда белгиланган яна бир янгилик – энди туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари бошчилик қиладиган секторлар штаблари аъзоларидан иборат ишчи гуруҳларҳудудларни маҳалла ва хонадонлар, оилалар кесимида таҳлил қилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик)ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режаларини шакллантиради. Бунда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси қисқа муддатли – бир йилга мўлжалланган манзилли тадбирлар режалариижросини таъминлайди, Халқ қабулхоналари ва Президент Администрацияси бўлинмалари эса мазкур тадбирлар режалариижросини назорат қилади.
Ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари, давлат инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари, халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишда Президент Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларда акс этган тизимли муаммолар инобатга олинади. Яъни, энди ҳар қандай дастурни ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмайди, бунда ҳар бир лойиҳа бевосита одамлар йўллаган мурожаатлар таҳлилига, реал ҳаёт манзараси ва халқ талаб-истакларига асосланади.
Фармонда белгиланганидек, Халқ қабулхоналари ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўради. Бунда, айниқса, Халқ қабулхоналарининг оммавий ахборот воситалари билан бирга жамиятдаги муаммоларни аниқлаши, таҳлил қилиши ноҳақдан ҳақни ажратиш, ҳар қандай масалага объектив ёндашиш имконини беради.
Бугун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур дастурлар амалда ўз натижасини бериши учун уларга, биринчи навбатда, энг оғир ва мураккаб шароитдаги аҳоли пунктларини киритиш лозим. Бу борадаги реал манзарани аниқлаш учун эса Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш зарур. Шу боис давлатимиз раҳбари фармонига кўра, энди “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхатини Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантириш белгилангани, авваламбор, оғир ва энг мураккаб жойларни обод қилиш имконини беради.
Яна бир янгилик – Халқ қабулхоналари секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ҳар чоракда ахборот киритади ҳамда ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботи эшитилади. Айни мана шу механизм ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш борасидаги хато-камчиликлар камайишига хизмат қилади, раҳбарларнинг халқ олдида ҳисоб бериш тизимини янада самарали йўлга қўйиш имконини яратади.
Бунда республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар тўғрисида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳал қилиш учун киритилади.
Шу билан бирга, Халқ қабулхоналарига бир қатор қўшимча вазифалар ҳам юклатилди. Хусусан, энди Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш борасидаги фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб боради.
Ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиши эса бундай тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.
Яна бир жиҳати, мазкур фармон асосида Халқ қабулхоналарининг маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиши бундай ҳужжатларда мурожаатларда кўтарилган муаммолар кенгроқ акс эттирилиши учун пухта замин яратади.
Ҳар доим эътиборимиз марказида бўлиб келаётган долзарб масала –ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш масаласи бўйича фармонда тегишли вазифалар белгилаб берилган. Бундан буён давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги ишларини мувофиқлаштириш Халқ қабулхоналари томонидан амалга оширилади.
Халқ қабулхоналари ўзининг фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиши юзасидан белгилаб қўйилган вазифалар улар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилишда янги имкониятлар яратиб беради.
Қайд этилган бундай кенг кўламли вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун Халқ қабулхоналарига бир қанча имкониятлар ҳам берилмоқда. Масалан, Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этади.
Халқ қабулхоналарига секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклиф киритиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.
Шулар қаторида давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан фаолият учун зарур бўлган ахборот ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш ҳуқуқи берилди.
Табиийки, бундай муҳим ва масъулиятли вазифаларни бажариш учун салоҳиятли кадрлар зарур. Шу муносабат билан Фармонда Халқ қабулхоналари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлари таркибини аҳоли билан бевосита ишлаш учун зарур бўлган билимга, ташкилотчилик ва таҳлил қилиш қобилиятига, юксак маънавий-ахлоқий ва психологик фазилатларга эга бўлган малакали мутахассислар билан таъминлаш, мунтазам равишда малака оширишини йўлга қўйиш, фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш юзасидан бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Шулар қаторида Халқ қабулхоналарининг янгиланган низоми, уларнинг секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби, Халқ қабулхоналари фаолиятини баҳолаш тартиби ва мезонларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Мисол учун, Халқ қабулхоналарининг аҳоли муаммолари билан ишлаш самарадорлиги индексини аниқлашда уйма-уй юриш орқали ўрганиб чиқилган уй хўжаликлари, ижтимоий ва бошқа объектлар, муаммоларнинг ҳудуд даражасида ҳал этилиши ҳолати, республика даражасида ҳал этилиши, белгиланган муаммоларга ечим топиш учун зарур чоралар кўриш даражаси, муаммони ҳал этишнинг ўртача муддати каби мезонларга таянилиши режалаштирилган.
Президент фармонидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш асносида энди маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати у ердаги ижтимоий инфратузилма, иқтисодий вазият, ижтимоий муҳит, ижтимоий соҳа объектларининг ҳолатидан келиб чиқиб, “намунали”, “яхши” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилган ҳолда баҳоланади. Бу шундан далолат берадики, бундан буён турли дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда биринчи навбатда энг оғир ҳудудларга эътибор қаратилиб, муаммоларни ечиш чора-тадбирлари кўрилади.
Шунингдек, фармонда уй-жойлар, йўл қурилиши, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви тармоқлари, канализация ва бошқа коммунал хўжалик объектлари, ижтимоий соҳа масканларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда бошқа давлат дастурлари, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида туман ва шаҳар кесимида жойлаштирилиши ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатма берилган.
Фармонда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эга. Бунга кўра, “Hudud” ахборот тизими янада такомиллаштирилиб, унга барча Халқ қабулхоналари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар интеграция қилинади. Натижада Халқ қабулхоналари ходимлари, секторлар штаблари аъзолари турли ҳужжатларни тўлдириш, юритиш, сақлаш, расмийлаштириш каби ишлардан халос бўлиб, асосий вақтини фуқаролар билан кўпроқ бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ўрганиш учун узоқ ҳудудларга чиқиш ишларига сарфлаш имконияти кўпроқ бўлади.
Мазкур чоранинг мантиқий давоми сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлимлари фаолияти ҳамда улар кўрсатадиган хизматларга оид тартиб-қоидалар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, мобиль иловалар, веб-сайтлар, электрон тўлов воситалари орқали аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрилиши фуқароларимизнинг ҳам вақтини, ҳам маблағини тежашга хизмат қилади.
Шу билан бир қаторда, 2019 йилнинг 1 июлига қадар барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вилоят бўлинмалари веб-сайтларини, 2020 йилнинг 1 январига қадар туман ва шаҳар бўлинмалари веб-сайтларини ташкил қилиш вазифаси қўйилгани фуқароларга давлат органларининг ҳудудий бўлинмаларига бевосита электрон мурожаат қилиш имкониятини яратади.
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Бугун пойтахт Тошкент шаҳридан то мамлакатимизнинг энг узоқ ҳудудида яшаётган юртдошимизга қадар ислоҳотларнинг реал натижасини ўз ҳаётида кўра бошлагани, бу янгиланишлар минглаб оилалар ҳаёти, миллионлаб инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига ҳам туртки бўлаётгани бунинг яққол исботидир. Президентимизнинг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга кўтариши баробарида, ислоҳотлар таъсирчанлигини янада оширишга, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун янада кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.