1 февралга қадар фото ва видеотасвирга олиш мумкин бўлмаган ҳудудлар ва жамоат жойларининг объектлари рўйхати тузилиши лозим. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Ички ишлар вазирлигига ушбу топшириқ берилган. Рўйхат Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Рўйхат қабул қилинганидан сўнг Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасдиқланган рўйхатга мувофиқ 1 мартга қадар фото ва видеотасвирга олиш таъқиқланган тегишли кўрсаткич белгиларни икки ва ундан ортиқ (инглиз, рус ва бошқа) тилларда ўрнатиши лозим.
Қарорда тегишли кўрсаткич белгилари бўлмаган тақдирда фото ва видеотасвирга олишга тўсқинлик қилинмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг февралида президент «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатда туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилиши, рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳамда барча турдаги суратга олишлар таъқиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар бундан мустасно эканлиги белгилаб берилди.