Зўравонликдан жабрланган аёлларга энди давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади

Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Президент томонидан имзоланган қонун билан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги муносабати билан суриштирув, дастлабки тергов органларига ёки судга мурожаат қилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига қуйидагилар тўғрисидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади:

  • алиментларни ундириш ҳақидаги;

  • болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатларни ундириш тўғрисидаги;

  • уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги;

  • оталикни белгилаш ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги;

  • боланинг яшаш жойини белгилаш ҳақидаги;

  • бола билан кўришиш тартибини белгилаш тўғрисидаги;

  • никоҳдан ажратиш ҳақидаги;

  • мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги;

  • мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги;

  • мол-мулкка етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги;

  • ишга тиклаш ҳақидаги;

  • иш ҳақини ундириш тўғрисидаги.

Қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига тегишинча никоҳ тузилгани тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилиниши ҳам белгиланди.