Фарғона вилоятида ер қонунбузилишларига қарши қатъий чоралар кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-138-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ер ва кадастр назорати йўналишида изчил ишлар олиб борилмоқда.


2025 йил бошидан жорий йил 1 декабрь ҳолатига кўра, вилоят ҳудудида 7 835 та ҳолатда жами 366,9 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Кадастр агентлиги органлари томонидан қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга ёзма кўрсатмалар берилди. Натижада 6 788 та ҳолатда 303,7 гектар, яъни 87 фоиз ер майдонларида қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилди.

Шу билан бирга, айрим ҳолатларда айбдор шахслар томонидан қурилган ноқонуний иншоотларни мажбурий тартибда бузиш ҳамда ер майдонларини туман захирасига қайтариш бўйича суд органларига даъво аризалари киритилди.
 
Жиноий аломатлар мавжуд бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан эса 145 та ҳолат бўйича (18,6 гектар ер майдони) тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилди.

Ер муносабатларида қонунийликни таъминлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари вилоят бўйлаб изчил давом эттирилмоқда.

Нодирбек Машрапов Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи.