Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 37-боби йўқолган суд ишини юритишни тиклашга бағишланган.
Йўқолган суд ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига биноан, шунингдек суднинг ташаббусига кўра тикланиши мумкин.
Йўқолган суд ишини юритиш тўлиқ ёки унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади. Суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими, агар улар иш юзасидан чиқарилган бўлса, тикланиши шарт.
Аризачи йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод этилади. Била туриб ёлғон ариза берилганда суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.
Суднинг йўқолган ҳал қилув қарорини ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримни тиклаш ҳақидаги ҳал қилув қарорида суд тикланаётган суд ҳужжатининг мазмуни судга тақдим этилган ва йўқолган иш бўйича суд процессининг барча иштирокчилари иштирокида суд мажлисида текширилган қандай аниқ маълумотлар асосида аниқланган деб ҳисоблаши кўрсатилади.
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида, шунингдек қандай далиллар суд томонидан текширилганлиги ва йўқолган суд ишини юритиш бўйича қандай процессуал ҳаракатлар содир этилганлиги исботланганлиги ҳақидаги суднинг хулосалари кўрсатилади.
Улуғбек Орипов, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди раиси.