Ўзбекистонда автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар профилактик назоратга олиниши мумкин

Ўзбекистонда суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларни профилактик ҳисобга олинадиган шахслар қаторига киритиш режалаштирилмоқда.

Бу қонунчилик палатасининг 25 февралдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳа билан профилактик ҳисобга қўйиладиган шахслар доираси амалдаги 6 тоифадан 3 тоифага, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун профилактик ҳисобга олинаётган моддалар 28 тадан 12 тага камайтирилиб, ҳозирда зарурий ҳисобланган қўшимча 2 та ҳолат билан тўлдирилмоқда.

Хусусан, оилавий зўравонлик содир этганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддасига (оилавий (маиший) зўравонлик) асосан жавобгарликка тортилган ҳамда содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларни профилактик ҳисобга олинадиган шахслар қаторига киритиш назарда тутиляпти.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида айрим тоифадаги шахсларга уларнинг айблилик масаласи ҳал этилмасдан туриб ҳуқуқий таъсир чораси қўллаш амалиёти бекор қилинади. Тазйиқ ёки зўравонликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга нисбатан давлат ҳимоясини таъминлаш амалиёти кенгайтирилади.