Тиббиёт ходимига сотилган нуқсонли товар сотувчига қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳардаги Федерациянинг таянч гуруҳи (бошланғич ташкилоти) фаолияти йўлга қўйилган тиббиёт муассасаларидан бирида меҳнат фаолият олиб борувчи Х.М.нинг 3 600 000 сўмга сотиб олинган кир ювиш машинаси нуқсонли чиққанлиги ва уни амалдаги қонунчилик асосида мақбул сифатдагисига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, LORETTO русумли кир ювиш машинаси Марғилон шаҳридаги Ипакчи буюм бозори ҳудудидаги савдо дўконларидан биридан харид қилинган. Ундан фойдаланиш жараёнида нуқсонлари аниқлангач, бу борада сотувчига қилинган мурожаатларидан натижа бўлмаган. Шундан сўнг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчи билан учрашилиб, юзага келган ҳолатда истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчининг мажбуриятлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларга ишлаб чиқарувчи (сотувчи) томонидан белгиланадиган кафолат муддати ҳамда мазкур кафолат муддати давомида сотувчи ва истеъмолчи ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал қилиш йўл-йўриқлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўрганиш якуни билан нуқсонли кир ювиш машинасини бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиб, истеъмолчининг қонуний талаби қаноатлантирилишига эришилди.

Усмонжон Рузиев, шаҳар жамияти мутахассиси.