Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 сентябрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 557-сон қарори қабул қилинди.
2024 йил октябр ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилади.
Муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “махалла – туман – вилоят – республика” даражасида ҳал этилади.
“Xotin-qizlar.uz” платформасини такомиллаштириш ҳамда доимий техник қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг буюртманомаси асосида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
“Xotin-qizlar.uz” платформаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида алмашиниладиган маълумотлар ҳамда ахборотлар рўйхати;
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модулини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 11 сентябрдан кучга кирди.