24 октябрь куни бир қатор интернет-нашрларда тарқатилган хабарлар, яъни янги қад ростлаётган кўп қаватли бинода катта ёриқлар ҳосил бўлгани ҳақидаги маълумотлар ёлғон бўлиб чиқди. Қурилиш ташкилоти мутахассислари ўз обрўсини сақлаб қолиш учун ёлғон ахборот тарқатган шахсга нисбатан судга мурожаат қилмоқчи.
Тарқатилган хабарга ойдинлик киритиш учун «Nuqtainazar.uz» нашрининг вакиллари ҳодиса жойида бўлдилар.
Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар, Ўзбекистон овози кўчасида қад ростлаётган 7 қаватдан иборат уй 2017 йилда ўз қурилишини бошлаган. Бинонинг биринчи қаватида соғломлаштириш маркази очилиши режалаштирилган. Ушбу бино “МДМ Юлдашев” пудратчи ташкилоти томонидан «VODIY IDEAL LOYIHA» очиқ акциядорлик жамияти лойиҳаси асосида қурилмоқда.
“МДМ Юлдашев” пудратчи ташкилоти раҳбари Аҳмадали Шерматовнинг таъкидлашича, кўп қаватли уй белгиланган талаблар, барча қоида ва меъёрларга риоя этган ҳолда қурилмоқда. Бино қурилиши 3 қисмда амалга оширилган. Қурилиш жараёнида 1 та ана шундай бетон қалин ва қийшайтириб қуйилгани, ёриқлар деб эътироф этилган ва интернет сайтларда нотўғри ахборот тарқалишига сабаб бўлган.
– Бинонинг олд фасади қурувчилар томонидан атайин шундай қуйилган. Чунки, бетонни теккислашда бир неча сантимер бетон девор ўз ўзидан емирилиб кетади. Бу эса ғиштларнинг чиройли терилиши ва деворларнинг мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Қолаверса, уйнинг бурчакларида ёриқлар ҳосил бўлишини олдини олади. Биз уйнинг мустаҳкам бўлишини таъминлаш ва келгусида безакларга шикаст етмаслигини назоратга олганмиз. Айниқса, бетон ва ғишт бир-бирини ушлаб туриши жуда зарур. Шу боис биз бу оралиқни махсус мосламалар билан беркитиб, алюкобод билан ёпишни режалаштирганмиз – дейди Аҳмадали Шерматов.
Корхона ҳуқуқшуноси Рустам Юлдашевнинг таъкидлашича, бино қурилиши учун энг сифатли маҳсулотлар олиб келинган. Ҳеч қандай қонунбузилишларга йўл қўйилмайди ва барча техник қоидаларга амал қилинган ҳолда қурилмоқда. Уйлар сифатли бўлсагина харидорлар олади. одамларнинг ишончи биз учун жуда муҳим.
– Интернетдаги ёлғон ахборотнинг тарқалгани оқибатида бизнинг компаниямиз катта зиён кўрди. Обрўси ва катта маблағларнинг йўқотилишига сабаб бўлди. Ахир биз кредитлар асосида аҳолига уй-жойларни сотганмиз. Биз учун халқнинг ишончи ва корхона обрўси биринчи даражада туради. Шу боис ўз нуфузимизни сақлаб қолиш учун судга мурожаат қилишга мажбурмиз, – деб таъкидлайди Рустам Юлдашев.
Ушбу ҳолат юзасидан 25 октябрь куни махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганилди ва ҳеч қандай қонунбузилишлар аниқланманганлиги хусусида далолатнома тузилди.