Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Ш.Рашидов кўчасида яшовчи М.С. томонидан 7 300 000 сўмга харид қилинган мебел жамламасида нуқсонлар аниқлангани, сотувчига бу борада қилинган мурожаат эса ижобий натижа бермаётгани хусусидаги мурожаат ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у мебеллар тўпламини жорий йилнинг январ ойида Марғилон шаҳридан харид қилган. Мебеллар фарзанди тўйи учун атаб харид қилинганлиги сабабли сотувчидан келтирилган қадоқда сақлаб келинган. Лекин тўй арафасида мебелларни хонадонга жойлаш пайтида уларнинг айримларида нуқсонлар мавжудлигини кўришган. Ушбу масалада сотувчига қилинган мурожаатдан эса ижобий натижа бўлмаган.
Мурожаат шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида, сотувчига қонуннинг 13-моддаси талаблари, хусусан истеъмолчи ўзига сотилган тўпламлар, гарнитурлар, комплектлар ва комплексларнинг мустақил таркибий қисми бўлган ва мустақил нархга эга бўлган буюмларда нуқсонлар борлигини аниқлаган тақдирда, бутун тўплам, гарнитур, комплект ва комплексга нисбатан ҳам, уларнинг нуқсонлари бор мустақил таркибий қисмларига нисбатан ҳам ўз қонуний талабларини қўя олиши мумкинлиги тушунтирилди. Бунинг натижасида истеъмолчига сотилган мебел тўпламидаги нуқсонлари мавжуд қисмлар мақбул сифатдагиларига алмаштириб берилишига эришилди.