Архив хизматлари давлат хизматлари марказлари ва портали орқали кўрсатилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 20 сентябрь куни архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат бошқаруви ва назоратини такомиллаштириш, қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно ҳужжатларини рақамлаштиришни янада жадаллаштиришга қаратилган фармонни имзолади.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги негизида Ўзбекистон «Ўзархив» агентлиги ташкил этилмоқда.

2020 йил 1 январдан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилишида ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилади.

2020 йил 1 июнгача Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилади.

2020 йил 1 июндан қуйидаги давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши белгиланди:

  • ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;

  • иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;

  • иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;

  • араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш;

  • архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш).

Фармон билан йил охирига қадар доимий сақловга олинадиган ҳужжатлар таркибини оптимизация қилиш, Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш, архив иши жараёнларини тўлиқ қамраб олувчи ва интерактив қидирув имкониятлари мавжуд бўлган «Архив иши» ягона ахборот тизими яратиш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

2021 йил 1 январгача давлат архивларида сақланаётган фондларни хатловдан ўтказиб, улар ҳақида тегишли маълумотларни қамраб олган маълумотлар базасини яратиш режалаштирилмоқда.

Қуйидагилар тузилади:

  • Марказий давлат архиви негизида Ўзбекистон Миллий архиви;

  • Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архиви негизида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви;

  • Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари марказий давлат архиви негизида Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви;

  • Тошкент шаҳар давлат архиви негизида Тошкент шаҳар марказий давлат архиви;

  • Агентлик ҳузурида муассаса шаклида Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази;

  • Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Архив ишини ривожлантириш жамғармаси.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2020 йил 1 мартгача республика шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари томонидан тузилган шахсий таркиб бўйича идоралараро архивларни Агентлик идоравий бўйсунувига ўтказишлари ва улар негизида шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларини ташкил этишлари лозим. 2020 йил 1 июнга қадар шахсий таркиб бўйича давлат архивлари давлат-хусусий шериклик асосидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивларига айлантирилади ва 2023 йил 1 январгача босқичма-босқич давлат архивлари сақловида бўлган шахсий таркиб ҳужжатлари шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига ўтказилади.