Мажбурий меҳнат учун жарима миқдори 10 баробарга оширилади

Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўриниши учун маъмурий жарима сезиларли даражада оширилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун шанба куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи йиғилишида маъқулланди.

Ҳозирда мазкур қоидабузарлик учун жарима МЖТКнинг 51-моддасига кўра энг кам иш ҳақининг 1 дан 3 бараваригачани ташкил этади. Янги тузатиш жарима миқдорини ЭКИҲнинг 10 дан 30 бараваригача оширишни кўзда тутади.

Мазкур модда худди шу қоидабузарлик маъмурий чора қўлланилгандан кейин бир йил ичида такрор содир этилган тақдирда жарима миқдорини ЭКИҲнинг 30 дан 100 бараваригача миқдорида оширишни кўзда тутувчи қисм билан тўлдирилмоқда.

Вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган қоидабузарлик учун ЭКИҲнинг 30 бараваридан 50 барваригача, бир йил ичида такрор содир этилган тақдирда — ЭКИҲнинг 50 дан 100 бараваригача миқдорида жарима тайинланади.

Мажбурий меҳнат учун жарималар миқдорини сезиларли ошириш ташаббусини ўтган йилнинг кузида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги илгари сурган эди.