Ўзбекистонда адвокатларга суд биносига телефон олиб киришга рухсат берилди

Адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириш учун суд биносига мобиль ва бошқа алоқа олиб кириш ҳуқуқига эга. Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тегишли ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Белгиланишича, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга, ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак.

Шу билан бирга, бошқа шахслар томонидан суд биносига мобиль телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларини суд мажлисида раислик қилувчининг рухсатисиз олиб кириш тақиқланади.

Судга ташриф буюрувчи шахслар ўзлари томонидан олиб келинган суд биносига олиб кириш тақиқланган буюмларни суд маъмурияти томонидан махсус ажратилган жойларда қолдириб кириши ҳамда суд биносидан чиқишида ўзи билан олиб кетиши лозим.