«GLOBAL G.A.P.» Халқаро стандарти: АСОСИЙ ТАЛАБЛАРИ ВА УСТУВОРЛИКЛАРИ

Вилоят Тадбиркорлар марказида Фарғона синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси томонидан «GLOBAL G.A.P.» халқаро стандарти: асосий талаблари ва устуворликлари” мавзусида семинар ўтказилди. Семинарда вилоят қишлоқ хўжалиги, Божхона, инвестиция, иқтисодиёт бошқармалари вакиллари, марказий ва тижорат банклари, статистика, савдо-саноат, туризмни ривожлантириш, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ҳудудий бўлими вакиллари ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда иқтисодиётнинг барча соҳаларидаги устувор йўналишлардан бири жаҳон стандартларига мос, халқаро талабларга мувофиқлаштирилган товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш масаласидир. Бунинг учун товар ва маҳсулотларни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, ўлчовларнинг ягоналигини таъминлаш ҳамда халқаро талабларга мувофиқлаштириш талаб этилади. “Фарғона синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси  раҳбари Алишер Абдуллаев бугунги кунда бу борада амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни ва “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ҳудудларда экспортёр корхоналар, фермер хўжаликлари, мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар учун халқаро «GLOBAL G.A.P.» , “Ҳалол” ва “Organik” стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Мақсадимиз Ўзбекистонда амал қиладиган техник регламентларни Европа ҳамжамияти, Евроосиё иқтисодий кенгашининг Божхона иттифоқи ҳамда МДҲ давлатлари, халқаро стандартлар талабларининг мамлакатимиз учун энг мақбуллари асосида ишлаб чиқишдир.

Айни пайтда мавжуд бўлган меъёрий ҳужжатлар халқаро стандартлар билан уйғунлаштиримоқда. Тадбиркорларга экспортда қулайликлар яратиш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 20 декабрь кунги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш учун тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатиладиган техника воситалари, мева-сабсазот маҳсулотларини қайта ишлайдиган ва қуритадиган ускуналарни хорижий давлатлардан лизинг асосида етказиб бериш бўйича таклифлар ўрганилмоқда. Асосий мақсад юртимиз ишлаб чиқарувчиларга халқаро сифат стандартларини жорий этишга ёрдам бериш. «GLOBAL G.A.P.» стандартини жорий этиш, биринчи навбатда, фермерларнинг ўзлари учун фойдали бўлиб, бу уларга янги узилган мева-сабзавотларни халқаро бозорларга олиб чиқадиган йўлларни очиб беради.

Кун тартибидаги масала юзасидан «GLOBAL G.A.P.» халқаро стандартининг талаблари, моҳияти ва долзарблиги юзасидан, бошқарма ва марказнинг малакали мутахассислари томонидан ҳам семинар иштирокчиларига батафсил маълумотлар берилди. Жумладан, мазкур хорижий стандартни амалиётга жорий этишнинг афзалликлари, ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ва экспорт қилувчиларга мазкур стандартни сертификатлаштириш жараёнларида белгиланган меъёрларга амал қилиниши муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Мазкур стандарт сифат менежменти бўйича бир қатор тамойилларга асосланган бўлиб, бу тамойилларга мижозга мослашиб иш тутиш, бош раҳбариятни рағбатлантириш ва жалб қилишлик, жараёнли ёндашув ва сифат менежменти тамойилларини доимий такомиллаштириш киради ҳамда мижозлар томонидан юқори сифатли товарлар ва хизматлар олинишини кафолатлаб, компаниялар фойда олишига ёрдам беради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт хажмини янада ошириш, ташқи бозорни диверсификациялаш ҳамда рақобатбардошлик даражасини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, истеъмолчиларни сифатсиз, шу билан бирга фуқароларнинг ҳаё­ти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф туғдирувчи, атроф-муҳитга зарар етказувчи ўзаро алмашинувчанлик ва мослашувчанлик талабларини ўлчаш услублари ҳамда ёрлиқлаш қоидалари бирлилигини таъминламайдиган маҳсулотлардан ҳимоялайди.

Тадбир иштирокчилари юқоридаги маълумотлар билан танишар экан, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.