Ходима бола парваришлаш таътилидан қачон ишга чиқиши мумкин?

CАВОЛ:

Биз МЧЖ – нобюджет корхонамиз. Корхонамизда ишлаган она болани парвариш қилиш таътилидан қачон (фарзанди неча ёшга тўлганда) ишга чиқиши мумкин?

М. Умарова, Андижон шаҳри.

ЖАВОБ:

Меҳнат кодексининг 234-моддасига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун, ана шу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланган ҳолда, таътил берилади.

Мазкур таътилдан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.

Демак, келтириб ўтилган нормалар мазмунидан хулоса қилса бўладики, аёлнинг хоҳишига кўра, бу таътилни  берилишини сўраб мурожаат этиши, ўз қарорини ўзгартириши ва шу давр мобайнида исталган вақтда таътилдан умуман воз кечиб ишга чиқиши мумкин.

Яна шуни назарда тутиш керакки, бола 2 ёшга тўлгач, аёлнинг хоҳишига кўра иш берувчи унга бола 3 ёшга тўлгунга қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши шарт (МКнинг 234-модда 2-қисми).

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.