Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси томонидан «Ботулизм ва бошқа овқатдан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари қаторида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ходимлари ҳам иштирок этдилар.
Анжуманда таъкидландики, аҳоли вакилларида ботулизм касаллиги асосан уй шароитида тайёрланган турли сабзавот ва мева консерваларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқиши тўғрисида тушунчалар бўлсада, лекин мавсум пайтида, яъни уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш даври ҳисобланувчи ноябр ойидан бошланиб, май ойигача бўлган давр оралиғида бу турдаги касалликларга чалиниш ҳолатлари қайд қилинмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда ҳамда аҳолини бундай касалликларга чалинишини олдини олиш мақсадида тизим мутахассислари томонидан аҳоли, корхона, ташкилотлар ишчи ходимлари ўртасида уй шароитида консерва маҳсулотларини тайёрламаслик, уларни белгиланмаган жойлардан харид қилиб олмаслик, бундай маҳсулотларни савдо дўконларидан харид қилинаётган вақтда маҳсулот ёрлиғининг мавжудлиги ва ундаги ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатларига эътибор қаратиш каби масалаларда тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда.
Тадбир доирасида унда иштирок этган ОАВ ҳамда жамоатчилик вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Фарғона шаҳар бўлими лабораториялари пресс-тур ҳам ташкилланди.