Ҳисоблагичи автоматлаштирилган тизимда ишлайдиган истеъмолчида катта миқдорда қарздорлик юзага келиши мумкинми?

Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Олимқул додҳоҳ кўчасида яшовчи С.Ф.нинг газ таъминоти тўловларида юзага келаётган асосланмаган қарздорликдан норози бўлиб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган оғзаки мурожаати ўрганилди.

Мурожаат эгасининг сўзларига кўра, у истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларни хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагич ускуна кўрсаткичлари асосида амалга ошириб келаётган бўлсада, унга тўловлардан 1 млн 400 минг сўм қарздорлик юзага келганлиги маълум қилинган. Бундан таажжубланган истеъмолчи Федерация ишонч телефонига боғланиб, масалага ойдинлик киритилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Мурожатни ўрганиш давомида истеъмолчининг хонадонига янги, замонавий русумдаги газ ҳисоблагич ускуна ўрнатилганлиги маълум бўлди. Ушбу русумдаги ҳисоблагич эса он-лайн равишда кўрсаткичларни юбориб туради ва истеъмолчида катта миқдорда қарздорлик юзага келишига йўл қўймасдан, уни автоматик равишда тармоқдан узиб қўяди. Мазкур масалада Қўқон шаҳар газ идорасига киритилган сўровга эса, негадир Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарори асосида истеъмолчи томонидан истеъмол қилган газ кўрсаткичини ҳар ойнинг 10-санасида тақдим қилиб бориши белгиланганлиги, лекин истеъмолчи ўз вақтида тадим қилиб бормаганлиги сабабидан асосланмаган қарздорлик юзага келган, деган мазмундаги жавоб хати олинди.

Шу ўринда ўқувчида, хонадонга ўрнатилган смарт газ ҳисоблагич ускуна ҳар ойнинг 10-санасида эмас, балки керак бўлса ҳар сонияда истеъмол кўрсаткичларни юбориб турибдику, янги тизим истеъмолчини қўшимча оворагарчиликлардан қутқариш учун амалиётга жорий қилинмадими, деган ҳақли савол туғилиши табиий.

Ҳукуматимизнинг 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»нинг 89-бандига кўра, «Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ТГҲНАТ) уланган ва белгиланган меъёрлар асосида ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчиларга ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган табиий газ ҳажми биллинг тизими орқали автоматлаштирилган режимда аниқланади», яъни истеъмолчидан газ идорасига қўшимча равишда маълумот тақдим қилиб бориш талаб этилмайди. Юқоридаги каби талаблар эса ТГҲНАТга уланмаган истеъмолчиларга нисбатан билдирилиши мумкин.

Мурожаатни ўрганиш якунларига қайтсак, ўрганишда ҳақиқатан ҳам истеъмолчида асосланмаган қарздорлик юзага келганлиги қайд қилинди ва бу ҳақда истеъмолчига маълум қилинди, ҳозирда газ идораси томонидан истеъмолчида юзага келган асосланмаган қарздорликни бартараф қилиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Муҳаммаджон Ўлмасов, шаҳар жамияти бош мутахассиси.