Президент фармони билан энди мактаблар олдида ҳам радарлар ўрнатилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Telegram каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–190-сон қарорига киритилган ўзгартиришга кўра, йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалар ўчоқларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни аниқловчи махсус фото-видео қайд этиш воситалари ўрнатилади.