Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг Самарқанд қишлоғида яшовчи М.Р.нинг харид қилган мобил қурилмаси нуқсонли чиққач уни сотувчига қайтариб алмаштириб оломаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у тумандаги савдо марказидан 4 350 000 сўмга Samsung A13 русумли мобил телефон аппаратини харид қилган. Товар учун тўлов нақд пулда амалга оширилган. Лекин мобил қурилмани уйга келтириб фойдаланиш жараёнида унда нуқсонлар мавжудлигини пайқагач, савдо марказига қайтиб келиб, товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш талабини қўйганида рад жавоби олган.
Туман жамияти мутахассиси мазкур мурожаат асосида сотувчи билан учрашиб масалага ойдинлик киритгач, унга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини тушунтирди. Истеъмолчининг қонуний талабини бажармаслик оқибатида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатларни тўғри англаб етган сотувчи истеъмолчининг қўлидаги нуқсонли телефон аппаратини худди шу русумдаги мақбул сифатлисига алмаштириб берди.
— Туман жамиятига қилган мурожаатим ортидан нуқсонли телефонни мақбул сифатлисига алмаштириб олишга муваффақ бўлдим. Жамият ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди истеъмолчи М.Р.
Дилоромхон Мирзаева, туман жамияти бош мутахассиси.