Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаши, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларни олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.
Суд тизимида гендер тенглик принципини таъминлаш чораси бу, албатта, аёл юристларни суд тизимига жалб қилишдан иборатдир. Шу сабабли аёлларга судларда фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиш тақозо қилинади. Судлар фаолиятида аёл судьялар сонини ошириш учун Судьялар олий мактабида қўшимча имтиёзлар жорий қилинмоқда. Ушбу имтиёзларни янада кенгайтириш кўзланган мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари, олий маълумотли юрист аёллар сонини ошириш ва бунинг учун юридик таълим муассасаларида аёллар учун алоҳида квоталар ажратиш, ўқув контрактлари тўловини кечиктириш, суд тизими соҳасида фаолият олиб бораётган аёлларни меҳнат фаолиятидан узмаган ҳолда сиртқи таълим муассасаларига қабул қилишни жорий қилиш лозим бўлади.
Чунки, аёл судьялар сонининг ортиши айрим турдаги жиноятларни суд мажлисида кўриб чиқишда, бир мунча инсонпарварлик, одиллик тамойилларини ишлашини таъминлайди.
Масалан, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлашда, унинг жиноят содир этишдаги аёллик ҳислатлари, фарзандлар тарбияси учун онанинг ўрни ва шу каби масалалар, албатта, инобатга олинади. Шунингдек, аёлларга нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишларини кўришда ҳам аёл ҳуқуқларини бузилишини олдини олиш, айбдорларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланади.