Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Миндонобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи И.Ю.нинг дўкондан харид қилинган гулқоғози (обои)ни алмаштириб берилмаётганлиги масаласидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчи хонадонида олиб борилаётган таъмирлаш ишларида ишлатиш учун 4 дона гулқоғозини донасини 255 000 сўмдан харид қилиб олиб қўяди, лекин хонадонда таъмирлаш ишлари бошланган пайтда усталар бу миқдордаги гулқоғоз етарли эмаслигини айтишади. У сотувчига келиб учрашиб, ўша гулқоғоздан яна кераклигини айтганида. сотувчи бундай гулқоғоз сотувда қолмаганлигини айтади, шунингдек ушбу ҳолатда истеъмолчининг «Бўлмаса буларни олиб, ўрнига бошқасини беринг», — деган сўровига ҳам алмаштириш муддатлари ўтиб кетганлигини важ қилиб кўрсатиб, алмаштириб беришни рад қилади.
Шаҳар жамияти мутахассислари мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчи билан учрашиб, унга амалдаги қонунчилик мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бордилар. Қонуннинг 18-моддасида белгилаб қўйилган шартларнинг мавжудлиги, яъни товар (гулқоғоз)дан фойдаланилмаганлиги ва шикаст етказилмаганлиги ҳамда қадоғи билан қайтарилаётганлиги, шунингдек унинг истеъмол хусусиятлари сақланганлигидан келиб чиқиб, юзага келган вазиятда истеъмолчининг муаммосини ҳал қилиб бериш бўйича музокаралар олиб борилди. Тарғибот ишлари натижаси билан эса, 4 дона гулқоғозни сотувчига қайтарилиб, қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилиши йўли билан, ўрнига сотувда кўпроқ ҳажмда мавжуд бўлган бошқа гулқоғозга алмаштирилишига эришилди ва истеъмолчининг 1 миллион 20 минг сўм зарар кўришининг олди олинди.