Беришга қайтими, танга пул берсанг олгиси йўқ сотувчиларни тартибга чақиришнинг вақти келмадими?

Бугунги кунда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимига кирувчи ташкилотлар томонидан жойларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ёзма, оғзаки ва элекрон шаклдаги мурожаатлари (ариза, шикоят ва таклифлари) билан ишлаш йўналишида тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда.

Фуқароларимиздан келаётган мурожаатлар ичида кундалик ҳаётимизнинг турли масалаларига дахлдор бўлган муаммо ва камчиликлар қаторида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида истеъмолчиларга қайтим учун майда пулларни бермаслик, қайтим ўрнига арзон баҳоли турли товарларни (гугурт, қурут, сақич, конфета ва ҳ.к.) тиқиштириш, кейинги вақтларда эса, ҳаттоки, миллий валютамизнинг майда пуллари ҳисобланган 100, 200, 500, 1000 сўмлик танга пулларни тўловга қабул қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб қолмоқдаки, бу каби ҳолатлар шу соҳада фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг амалдаги қонунларга ҳурмат билан ёндошмаётганлиги, ўз ҳуқуқларини яхши англаб олгани ҳолда, мажбуриятларини унутиб қўяётганликларидан ўзга нарса эмас, деб ўйлаймиз.

Истеъмолчиларга қайтим ўрнига арзон баҳоли турли товарларни бериш (тиқиштириш) ҳолатларининг авж олиши келгусида яхши оқибатларга олиб келмаслиги, керак бўлса айрим товарлар (бу ўринда қайтим учун майда пул ролини ўз зиммасига олган товарлар) нархларининг асоссиз ошиб кетишига  ҳам сабаб бўлиши ҳақида илгариги чиқишларимизда тўхталгандик. Миллий пул бирлигимизнинг тангаларини турли важ-карсонлар билан тўловга қабул қилмаслик масаласи эса янаям жиддийроқ масала деб ҳисоблаймиз.

Гарчи «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда, хусусан қонуннинг 21-моддасида, истеъмолчига қайтим ўрнига бошқа товарни тиқиштириш (ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ) қонунбузилиши ҳисобланиши тўғрисида норма мавжуд бўлсада, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўловни миллий валютада амалга оширилиши ва унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозимлиги, уни ҳар қандай шароитда тўловга қабул қилишнинг мажбурийлиги тўғрисидаги нормалар мавжуд эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, тизим ташкилотларимиз томонидан қонунга ушбу ҳолатларни тартибга солувчи нормаларни киритиш тўғрисидаги таклифлар бериб келинаётган бўлсада, ҳозирча бу борада ижобий натижаларга эриша олганимиз йўқ.

Ҳолбуки, қонун 6-моддасининг «Товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт» деб бошланадиган иккинчи қисми учинчи хатбошисидаги «нархи (тарифи) ва сотиб олиш шартлари» деган жумлаларга «сўмдаги» сўзини қўшилиши ва ушбу сатр «сўмдаги нархи (тарифи) ва сотиб олиш шартлари» тарзида берилиши, мамлакатимиздаги истеъмолчиларга савдо ва бошқа хизматларни кўрсатишда миллий валютамизнинг ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб берган ҳамда унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни шарт қилиб қўядиган нормалардан бири бўлган бўлар эди. Биргина мисол, Россиянинг шу номдаги қонуни шу каби нормаларини белгиб берган моддасида «нархи (тарифи)» деган жумлалардан олдин «рублдаги» жумласи ишлатилган ва у тўлиғича «рублдаги нархи (тарифи)…» деб бошланадики, бу билан бутун мамлакат ҳудудида Россиянинг миллий пул бирлиги мажбурий тартибда муомалада бўлиши шартлигига урғу берилади.

Шу ўринда, қонуннинг 10-моддаси (Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби)га миллий валютамиз борасидаги қанча норма керак бўлса, шунча норма киритиш имконияти мавжудлигини ҳам айтиб ўтиш жоиздир.

Аҳолининг бу борадаги ҳақли эътирозларини камайтириш, бу каби ҳолатларни содир этилиши ортидан келиб чиқаётган қонун ва қоидаларни бузилишларини олдини олиш, халқимизнинг миллий валютамизга бўлган ҳурмати ва эътиборини орттириш мақсадида, амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритилгунига қадар, бошқа қонунчилик ҳужжатларига қуйидаги нормаларни киритиш бугунги кун талабларига мос тушар эди.

Биринчи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари» ва «Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари»нинг тегишли ўринларига «миллий валютамизнинг тўловга яроқли бўлган ҳар қандай номиналдаги ва кўринишдаги (қоғоз, танга) банкноталари ва тангаларини тўловга қабул қилиш шартлиги» тўғрисидаги нормаларни, шунингдек, мазкур икки қоидаларнинг «Савдо қоидаларини бузилиши турлари» бўлимларига савдо қоидасини бузилиши сифатида «миллий валютадаги, тўловга яроқли ҳар қандай номиналдаги ва кўринишдаги (қоғоз, танга) банкноталарни ва тангаларни тўловга қабул қилишни рад қилиш» жумласини киритиш.

Иккинчи, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига миллий тўлов тизимларини ифодаловчи, «тўловга яроқли бўлган ҳар қандай номиналдаги ва кўринишдаги (қоғоз, танга) банкноталарни ва тангаларни тўловга қабул қилиш шартлиги, уларни қабул қилишдан бош тортиш ёки рад қилиш» ҳолатларига нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши бўйича алоҳида модда ёки ушбу ҳолатга тааллуқли бўлган ҳамда мавжуд моддага қўшимча киритиш ёҳуд прим модда киритиш.

Сўнгсўз ўрнида

Бу ҳолатни келиб чиқишига балки банкларда майда пулларни етарли эмаслиги сабаб бўлаётгандир, деган мазмундаги шубҳамизга, ушбу муассасаларнинг масъулларидан омборларда етарли ҳажмда ва номиналларда майда пуллар (тангалар) мавжудлиги, фақатгина уларни савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари масъуллари томонидан олди-сотди амалиётларида фойдаланиш учун талаб қилиб олинмаётганлиги хусусида жавоблар оляпмиз.

Шундай экан, ушбу ҳолатда, фақатгина битта чора, аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоблар олиб борувчи субъектлар ҳамда уларнинг масъулларига нисбатан юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйилганда молиявий таъсир чораларини қўллашгина қолаётгандек. Ҳуқуқбузарнинг ҳамёнига келадиган зарар эса, уни бундай ҳаракатни содир этишдан аввал, албатта, танасига яна бир марта ўйлаб кўришга ундайди.

Ғайрат Маматқулов,

Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи.