Тошкент давлат транспорт университети ўтказган 1 млрд 219 млн 300 минг сўмлик давлат хариди бекор қилинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, 30 май куни ўтказилган харидда иштирок этган 2 нафар тадбиркорнинг барча ҳужжатлари харид комиссияси фойдаланилган компьютернинг IP-манзили орқали электрон платформага юклангани аниқланган.
Жараёнда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талаблари бузилган ва бошқа қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган. Бундан ташқари, ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Транспорт вазирлигига сўровнома киритилган.
Агентликнинг тақдимномасига биноан Тошкент давлат транспорт университети томонидан 5 июнь куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.