Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари контрафакт ва сифатсиз маҳсулотлар муомаласининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқарганлик ва муомалага киритганлик учун жазо чоралари янада кучайтирилиши таклиф этилмоқда. Хусусан, инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф солувчи товарларни ишлаб чиқариш ва сотганлик учун учун жазо чоралари янада кучайтириляпти.
“Этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилмоқда”, — дейилади хабарда. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари томонидан санитария нормалари ва гигиена қоидаларига риоя этилмаслик инсон соғлиғига таъсир кўрсатишга сабаб бўлиши мумкин. Мазкур қонун лойиҳасида санитария ва ветеринария қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораси оғирлаштириляпти.
Бундан ташқари, тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқариб, реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар тартиби аниқ белгилаб берилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотларнинг муомаласига чек қўйиш ҳамда ишлаб чиқарувчилар манфаатларини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилиб, қонун лойиҳаси қабул қилинган.