Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштепа тумани Баландмасжид маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро А.Р.нинг истеъмол қилинган табиий газ учун асоссиз қарздорлик ҳисобланаётганидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига қилган электрон мурожаати ҳудудий тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқилди.
Аслида, аввалроқ фуқаронинг шу мазмундаги мурожаати асосида шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, истеъмолчига ҳақиқатда асоссиз қарздорлик ҳисоблангани ҳолати аниқланиб, масъулларга қонун талаблари тушунтирилган, улар томонидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, қарздорликни бартараф қилиш чора-тадбирларини кўрилиши белгиланган эди. Бироқ мурожаатни қайта ўрганиш жараёнида масъул ходимларнинг эътиборсизлиги оқибатида истеъмолчининг хонадонига чиқарилган нореал қарздорликни электрон базадан олиб ташлаш ишлари охирига етказилмаганлиги маълум бўлди.
Олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида шаҳар жамиятининг сўрови асосида газ идораси томонидан асоссиз қарздорликни бартараф қилиниши чоралари кўрилганлиги, юзага келган 590140 сўм қарздорликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли қарори 2-иловаси 88-бандига асосан таҳрирлаш йўли орқали ҳисобдан чиқарилганлиги ва тегишли ҳужжатлар тўплами «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалига топширилганлиги бўйича расмий билдириш хати олинди.
Истеъмолчиларга замонавий АСКУГ газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилиши, мазкур ҳисоблагичлар фақат олдиндан тўлов асосида ишлашини эътиборга олинса ҳамда мантиқан олганда ҳисоблагич фаол ҳолатда бўлса, шу ҳолатнинг ўзи истеъмолчида қарздорлик мавжуд эмаслигини аниқ-тиниқ исботи ҳисоблансада, жойларда истеъмолчиларда қаерлардандир қарздорлик юзага келиб қолаётганлиги тушунарсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳамда аҳолида бу борада олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳолатдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз масъуллардан ўз ишларига янада масъулият билан ёндошишларини сўраб қоламиз.