«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилиниб, шу йилнинг 17 майидан кучга кирган. Қонун асосан 30 та моддадан ва кейинги йилларда киритилган 2 та прим моддадан иборат.
Қонуннинг 1-моддасида Қонунда қўлланилган тушунчаларга таърифлар берилган бўлса, унинг 2 ва 3-моддалари қонунчилик ҳужжатлари мазкур Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмаслиги ҳамда халқаро шартномалар ва битимларга бағишланган.
4-моддада истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари бўйича нормалар берилади.
5-7-моддалар эса истеъмолчиларнинг маълумот олиш ҳуқуқи билан боғлиқ, 8-модда шартномалар бўйича нормаларни ўз ичига олган.
9-модда Ҳукуматнинг шартномаларнинг айрим турлари тўғрисидаги қоидаларни тасдиқлаш бўйича ваколатларини белгилаб берган.
10-модда товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ва тартиби, 11-модда кафиллик бўйича мажбуриятларни, 12-модда товар (иш, хизмат)нинг хавфсизлиги бўйича нормаларни кўзда тутади.
Қонуннинг 13-моддасидан 17-моддасига қадар нуқсонли товар, у билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, ҳисоб-китоблар каби масалаларни ўз ичига олади.
18-моддада биз учун муҳим нормалардан бири ҳеч қандай камчилик ва нуқсонлари бўлмаган мақбул сифатдаги товарларни алмаштириб олиш бўйича ҳуқуқларимизни амалга ошириш тартиб қоидалари кўрсатиб ўтилади.
Каттагина ҳажмга эга бўлган 19-моддада ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари бўйича нормалар белгилаб қўйилган.
20 ва 22-моддаларда моддий ва маънавий зарарларни қопланиши бўйича тартиб қоидалар кўрсатиб ўтилган бўлса, 21-модда шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмаслиги, унга қонунда белгиланган имтиёз ва афзалликларни киритмаслик тақиқланиши каби масалаларда масъулларга аниқ ва тиниқ йўл-йўриқларни кўрсатиб ўтади.
Истеъмолчилар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида, деган жумлани эшитганимизда кўз олдимизга 23-модда келади, унда ушбу ваколатни эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар, махсус ваколат берилган давлат идоралари амалга ошириши кўрсатиб ўтилади.
24-26-моддаларда қонун ижросини таъминлашда маҳаллий ҳокимият идоралари ва махсус ваколат берилган давлат идораларининг ҳуқуқ ва ваколатлари билан танишиш мумкин.
27-моддада эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик бўйича нормалар, 28-моддада молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, 29-моддада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгиланган.
Шунингдек, кейинги йилларда қонун давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси устидан шикоят қилиш (27 прим 1-модда) ва товарларни (ишларни, хизматларни) ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича (28 прим 1-модда) нормалар билан тўлдирилган.
30-модда истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари ва уларнинг ҳуқуқларига оид нормаларни белгилаб берган.
Мамлакатимизда ушбу Қонун қабул қилиниши ортидан вужудга келган истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати ҳамда унинг тимсолида, Қонуннинг 4 ва 30-моддаларида белгилаб берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий ижро этувчи ташкилотларига ҳуқуқий маслаҳатлар олиш учун, шунингдек истеъмолчилик ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда ўз ариза ва шикоятларингиз билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг www.istemol.uz расмий сайтида ташкил қилинган виртуал қабулхонага, Республика бўйича 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига (ҳафтанинг душанба-жума кунлари 9-00 дан 18-00 га қадар), телеграм мессенжеридаги @PotrebitelUz_botга ўз мурожаатларингизни қолдиринг.