Янгиланаётган Конституцияда инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйилиши мақсад қилиб олинган

Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўляпти. Манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизни қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляпти. Албатта бундай очиқ фуқаролик жамиятида Конституция ва қонунларимиз ҳам замондан орқада қолиб кетмаслиги керак!

Халқпарвар давлатни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш учун, авваламбор бош Қомусимиз бугунги реал воқеликка мос бўлсагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қила олади.

Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб бориляпти.

Хабарингиз бор, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди.

Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокамалар қилинди.

Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва энг асосий, муҳим жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтсам.

Лойиҳада Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда. Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Жиноят процессида шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) белгиланмоқда.

Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқларини муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Мазкур Конституция ҳақиқатдан ҳам Халқ Конституцияси бўлаяпти. Унда аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳаттоки маҳкумлар– барча барчасини ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинмоқда.

Таълим-тарбия тизими ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда – илк маротаба таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш имконияти берилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши ҳамда, энг муҳими, азиз ўқитувчиларимиз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши белгиланмоқда. Ушбу нормалар тараққиётимиз учун муҳим омил бўлган илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ёшларимизнинг билим олишлари учун янада кенг имкониятлар яратишда жиддий туртки бўлади.

Лойиҳада бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири – экология масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Ҳар кимни қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш ва бугунги кун талабларига мослаштириш масалалари ҳам ўрин олган.

Конституциявий қонун лойиҳасида парламент ваколатларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, агар амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлган бўлса, лойиҳага асосан уларнинг сони 12 та бўлмоқда. Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага ошмоқда. Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги айрим ваколатлари парламентга берилмоқда.

Парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда. Таъкидлаш лозимки, парламент текшируви – бу халқ текшируви, мазкур парламент назорати шаклини Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйиш, унинг самарадорлигини янада оширади.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги ўзаро такрорланишлар бартараф этилмоқда.

Бундан ташқари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклифи киритилмоқда.

Ушбу барча таклифлар Қонунчилик палатаси ва Сенат орасида масъул соҳаларни белгилаб олиш, икки палата ўртасида вазифа ва функцияларда такрорланишларга йўл қўймаслик заруриятидан келиб чиқмоқда.

Бундан ташқари, Сенатга Президентнинг вазирликлар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тутатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ваколати берилмоқда. Амалдаги таҳрирда мазкур ваколат Қонунчилик палатаси билан бирга амалга оширилади.

Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Ушбу ваколат Сенат томонидан қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти ҳамда фуқаролар билан мулоқот натижалари бўйича қонунларда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифларни қуйи палатага киритиш имконини беради. Бу эса, шубҳасиз Сенатнинг халқни қийнаётган муаммоли масалаларнинг қонуний ечимини ҳал этиш бўйича фаолияти натижадорлигини оширади.

Мазкур йўналишдаги яна бир концептуал ўзгаришлардан бири бу – Сенат таркибини ихчамлаштириш орқали унинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгараётганлигидир.

Яна бир муҳим масала. Конституциявий қонунга мувофиқ, илғор хорижий тажриба инобатга олиниб, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда.

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш тўғрисидаги норма киритилмоқда. Бу эса ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Содда қилиб айтганда, эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Энди ҳудудда ижро ҳокимиятига ҳокимлар, вакиллик органига ҳокимдан мустақил бўлган маҳаллий Кенгашлар раислари раҳбарлик қилишади. Ҳоким маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот бериши эса энди бошқача амалий аҳамият касб этади, ҳокимларга янги, улкан масъулият юклайди.

Эътиборларингизни яна битта масалага қаратмоқчиман. Амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаймоқда, нормалари 275 тадан 434 тага, яъни қарийб 65 фоига ошди. Қолаверса, Конституциянинг аксарият нормалари концептуал жиҳатдан ўзгармоқда, шу жумладан, давлат ҳокимиятини ташкил этиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари такомиллашмоқда. Давлат ҳокимияти олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат сезиларли даражада, шу жумладан, кўпроқ парламент фойдасига ўзгармоқда.

Конституцияга концептуал аҳамиятга эга кўплаб янги ўзгартиришлар киритилаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, Конституциямизни янги таҳрирда қабул қилишимиз юридик жиҳатдан ҳам, мантиқий жиҳатдан ҳам тўғри қарор ҳисобланади.

Энг муҳими, ушбу барча масалалар референдумга, яъни халқимиз муҳокамасига, ҳукмига чиқарилмоқда. Тарихимизда илк маротаба Конституциянинг қабул қилиниши бевосита халқимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритиладиган биринчи ҳужжат бўлади. Бунинг энг аҳамиятли томони, барчанинг овози бир хил мақомга ва кучга эга эканлигида. Яъни ёшу-қарининг танлови ва фикри аҳамиятли ва ҳал қилувчи бўлади.

  А.Мадаминов,

Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.