Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимида 19 та туман ва шаҳар жамиятлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Тизим ташкилотлари томонидан ўтган йилда 840 та мурожаатлар кўриб чиқилиб, 1 млрд сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишига эришилди. Бу ишлар жорий йилда ҳам тизимли асосда давом эттириб борилмоқда.
Федерация тизими ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили уларнинг ичида савдо масалаларидаги мурожаатларнинг салмоғи юқорилигини кўрсатади. Фарғона вилоятида ҳам бу борадаги мурожаатларнинг салмоғи юқори. Айрим мисолларга тўхталиб ўтайлик.
Риштон тумани Тўда маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Х.Тўхтасинова харид қилган газ плитаси нуқсонли чиққач, бу борада сотувчига бир неча бор мурожаат қилган. Лекин масала ечим топмаган.
Риштон туман жамияти мутахассислари сотувчига амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасидаги истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари бўйича тушунтириш берганларидан сўнг, мазкур қонун 14-моддасидаги тартиб асосида нуқсонли газ плита бошқа маркадаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди.
Шу тумандаги Мискин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.Нўмонова ҳам харид қилинган товардаги нуқсонни бартараф этиш билан боғлиқ масалада бир қатор муаммоларга дуч келган. Унинг Қўқон шахридаги савдо дўконидан 3 млн 900 минг сўмга сотиб олинган “ZIFFLER” маркали кир ювиш машинаси сервис марказига олиб кетилиб, нуқсонни бартараф этиш ишлари пайсалга солиб келинган.
Ваҳоланки, амалдаги қонуннинг 15-моддасига кўра, сервис маркази кафолат муддати ичида юзага келган нуқсонни 10 кун ичида бартараф этиш чораларини кўриши лозим эди. Туман жамияти мутахассислари сервис маркази масъуллари билан боғланиб, қонунда белгиланган муддатлардан 2 кун ўтиб кетганлиги, бу эса ўтказиб юборилган кунлар учун неустойка (пеня) тўлаш мажбуриятини келтириб чиқариши мумкинлиги тушунтирилгач, кир ювиш машинаси тез муддатларда таъмирланиб, истеъмолчининг яшаш манзилига етказиб берилган.
Бешариқ тумани Зарқайнар қишлоғида яшовчи Т.Матмусаев эса 6 млн 50 минг сўмга харид қилган кондиционеридан кўзланган мақсадда фойдалана олмаган. Хонадонга келтириб ўрнатилган «Avalon» русумли мазкур кондиционер қишнинг совуқ кунларида хонага иссиқ ҳаво ҳайдаш ўрнига бир маромда совуқ ҳаво ҳайдайверган. Унинг сотувчи ва сервис марказига мурожаатлари эса ижобий натижа бермаган.
Фақатгина Бешариқ туман жамияти ходимларининг аралашуви ҳамда амалдаги қонуннинг 7-моддаси талабларига кўра, истеъмолчига нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши натижасида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олиниши, истеъмолчи томонидан шартномани бекор қилиниши ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги бўйича берган тушунтиришлари товар сотувчига қайтарилиб, пул маблағини эса тўлиғича истеъмолчига қайтарилишига олиб келган.
Ўзбекистон туманида эса Г.Абдурахмонованинг кафолат муддати ўтган кир ювиш машинасига сервис хизмати кўрсатилмасдан келган. Ваҳоланки, амалдаги қонуннинг 15-моддасига кўра, истеъмолчи кафолат муддати тугаганидан кейин ҳам товарнинг нуқсонларини бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига талаб қўйишга ҳақли. Ушбу талаб товарнинг хизмат муддати мобайнида, агар хизмат муддати белгиланмаган бўлса, ўн йил мобайнида қўйилиши мумкин.
Туман жамияти ходимлари мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида сервис маркази масъулларига берган тушунтиришлар кор қилиб, марказ усталари истеъмолчи хонадонига ташриф буюриб, кир ювиш машинасининг носозликни юзага келтирган қисмини алмаштириб, нуқсонни тўлиқ бартараф этиб берганлар.
Шу ўринда аҳоли вакилларимизга истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилса ёки шундай деб ҳисобласалар Федерациянинг республика бўйича ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига, телеграм мессенжеридаги PotrebitelUz_bot телеграм ботига, istemol.uz расмий сайтидаги виртуал қабулхонага мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Ахборот хизмати.