Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан медиа-тадбирлар режасига асосан Фарғона давлат университети ўқитувчи ва талабалари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирокида “2022 йил давомида истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили” мавзусида очиқ мулоқот ташкилланди. Очиқ мулоқот тадбирида ҳудудий бирлашманинг доимий ҳамкорларидан бўлган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, мавзу юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Мулоқот доирасида Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимига 2022 йил давомида фуқаро (истеъмолчи)лардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан атрофлича таҳлилий маълуомтлар бериб ўтилди. Таъкидландики, тизим ташкилотларига ўтган йил давомида жами 840 та ёзма, оғзаки ва электрон шаклдаги мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 99,5 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами бўлиб 1 миллиард 026 миллион 380 минг 749 сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Шундан 2 та ҳолатда туман, шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан судларга даъво аризалари киритилди. Натижада истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари судларда ҳимоя қилинди, тикланди ва энг асосийси 9 миллион 500 минг сўм миқдорида истеъмолчилар кўриши мумкин бўлган зарарларнинг олди олинган бўлса, 5 та ҳолатда эса назорат қилувчи органлар ёрдамида истеъмолчиларнинг 15 миллион 487 минг 820 сўм миқдоридаги ҳуқуқлари тиклаб берилган.
Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилганда, уларнинг аксарияти газ таъминоти (35,1 фоиз), савдо (24,3 фоиз), электр таъминоти (8,8 фоиз), сув таъминоти (7,8 фоиз), хизмат кўрсатиш (сервис) (5,3 фоиз), коммунал хизмат кўрсатиш (2,2 фоиз), алоқа (2,3 фоиз), соғлиқни сақлаш (1,2 фоиз), транспорт (1,5 фоиз) ва бошқа соҳаларга (11,5 фоиз) тўғри келади.
Соҳалар бўйича мурожаатлар динамикасига эътибор қаратилса, 2020-2022 йиллар давомида фақатгина газ таъминоти масалаларидаги мурожаатлар сонида кескин ўзгаришлар бўлганлиги кузатилади. 2021 йилда бу борадаги мурожаатлар 2020 йилга нисбатан 3,5 баробарга ортган бўлса, 2023 йилда ушбу йўналишда бироз пасайиш кузатилди, лекин бошқа мурожаатларга нисбатан уларнинг улуши юқорилигича қолмоқда (жами мурожаатларнинг 35,1 фоиз). Бошқа йўналишдаги мурожаатлар сонида эса кескин ўзгаришлар кузатилгани йўқ.
Мурожаатларнинг келиб тушиш манбаларига эътибор қаратилса, уларнинг аксарияти ёки 56,3 фоизи ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига тўғридан-тўғри мурожаатларни ташкил қилган бўлса, 35 фоизи Федерация ишонч телефони орқали, 3,2 фоизи Федерация телеграм боти, 2,9 фоизи Президент портали, 2,6 фоизи эса Бош прокуратура ишонч телефони орқали келиб тушган.
Шунингдек, тадбир давомида Федерация миқёсида истеъмолчиларнинг мурожаатлари бўйича кўрсаткичларга ҳам тўхталиб ўтилиб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.