Истеъмолчи автомобил учун тўлаган пулини қайтариб олди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшовчи Д.Қўчқорова янги автомобил сотиб олиш учун шартнома шартларида кўрсатилган суммадаги тўловларни амалга оширгач, белгиланган вақтда етказиб берувчи томоннинг «Автомобилингиз келди, олиб кетинг», деган мазмундаги хабарини кутган. Лекин у томондан ҳадеганда дарак бўлавермаган.

Истеъмолчининг автомобил учун тўланган пул маблағларини қайтаришда амалий ёрдам сўраб Федерацияга қилинган мурожаати Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилганда, истеъмолчи «Кобальт» автомашинаси сотиб олиш учун Фарғона шаҳридаги «Имкон авто хизмат» МЧЖ билан шартнома тузганлиги, шартнома асосида 46 млн 968 минг 545 сўм тўловни амалга оширганлиги маълум бўлди.

Мурожаатни ўрганиш давомида ижрочи томонга амалдаги истеъмолчиларнинг уҳқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бўйича тарғибот ишлари ўтказилиб, автомашина шартнома шартларига кўра 120 кунлик муддат ичида етказиб берилмаганлиги сабабидан олдиндан тўланган пул суммасини қайтариш бўйича истеъмолчининг талаби етказилди. Мурожаатни ўрганиш якунлари билан ижрочи томон истеъмолчига тўланган пул суммасини тўлиқ қайтариб берди.

Нодиржон ТОШКАНОВ, Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси