Фарғона туманида яна бир янги мактаб биноси янги ўқув йили бошланиш арафасида фойдаланишга топширилди

Таълим тизимидаги камчиликлар ҳақида ҳаммамиз бонг урамиз. Бу албатта, ўз самарасини беради. Ўз навбатида бу соҳада эришилаётган ютуқларни ҳам эътироф этишимиз керак.
Мутасаддиларнинг ташаббуслари билан бугун таълим тизимида бир қанча ижобий кўрсаткичларга эришилаётгани ҳам сир эмас.

Янги ўқув йили бошланиш арафасида Фарғона туманининг чекка бир қишлоғида янги замонавий кўринишдаги мактаб фойдаланишга топширилди. Бу ҳам эришилаётган ютуқлар самараси, албатта.

«Наврўз» МФЙ ҳудудида қад ростлаган янги 63-умумтаълим мактаби 660 ўринга мўлжалланган. Мазкур мактаб қурилишига давлатимиз томонидан 16 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилган бўлиб, бино 4 қаватли қилиб қуриб битказилган.

Бундан ташқари, мактабда 3 та технология хонаси, 132 ўринли ошхона, спорт зал, фаоллар зали, кутубхона, 23 та қулай шароитга эга бўлган синф хоналари мавжуд. Танлов асосида ишга қабул қилинган 30 нафар ўқитувчилар ўқувчиларга билим беришда ўзгача завқ билан бел боғлаганлар. Қишлоқ аҳолисининг эса қувончи чексиз.

Бугун янги мактабда Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси, туман Халқ таълими бўлими ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида Пресс тур ташкил этилди. Унда бошқарма ва туман мутасаддилари, журналистлар, блогерлар ва тумандаги Маънавият тарғиботчилари иштирок этишди.

Туман Халқ таълими бўлими мудири Ғуломжон тадбир иштирокчиларига мактаб ҳақида маълумот берди. Тадбирда тарғиботчилар Kun.uz мухбири Сарвар Зиёевнинг фаолияти билан қизиқиб, уни саволга тутдилар. Тадбир жуда қизиқарли тарзда ўтди. Фарғона телерадиокомпанияси журналисти Нодира Сиддиқова эса ўзининг ижод намуналаридан ўқиб берди.

Шу масканда камол топган ўқувчилардан Ватан равнақи ва эл юрт фаровонлиги йўлида чин дилдан хизмат қиладиган етук кадрлар етишиб чиқишига ишонамиз.

Маъруфа СОЛИЕВА